Жамият | 14:37 / 22.08.2020
7792
2 дақиқада ўқилади

Фуқарони 50 000 долларга алдаган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йилнинг апрель ва май ойлари давомида 39 ёшли А.Э. ўзининг отаси Н.Э. ва қариндоши М.Х. билан жиноий тил бириктириб, ўзаро жиноий режа тузган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Х.М.нинг Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш нияти борлигидан хабар топиб, унинг пулларини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни кўзлаб жиноий шериклари - отаси Н.Э. ва қариндоши М.Х.нинг ёрдамидан фойдаланиб, Х.М.га Тошкент шаҳридаги метро бекати яқинида жойлашган кўп қаватли бинонинг 1-қаватидаги нотурар жойни 50 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олишда ёрдам қилишларини ваъда қилган.

Қайд этилишича, улар Х.М.дан 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бўлиб-бўлиб Чироқчи тумани маркази ва Тошкент шаҳрининг турли жойларида олиб, нотурар жойни сотиб олишда ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатмасдан, Х.М.нинг ишончини суиистеъмол қилиб, қўлга киритган пулларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича А.Э. ва М.Х. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид