Жаҳон | 10:06 / 30.08.2020
41418
6 дақиқада ўқилади

«Барча панага!» - АҚШга «Лаура» тўфони ёпирилди, қурбонлар сони ортмоқда

Пайшанба куни АҚШ жанубидаги Луизиана штатига ёпирилган «Лаура» тўфони кутилганидан кўра вайронкорроқ чиқди.

Фото: Reuters

Шу вақтгача камида 14 киши табиий офат қурбонига айланган.

Луизиана губернатори Жон Бел Эдвардс штатда камида 10 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган, шундан ярми кўчма генератордан чиққан из гази туфайли ўлим топган. Тўрт киши уйига дарахт қулаши оқибатида, яна бир киши қайиғи ағдарилиб кетиши оқибатида чўкиб ҳалок бўлган.

Кариб денгизида юзага келган «Лаура» тўфони пайшанба куни Луизианага жануби-ғарбдан кириб келганди. Тўфон даврида шамол тезлиги соатига ўртача 150 километрни ташкил этмоқда, бунинг оқибатида 500 мингдан ортиқ уй электр таъминотисиз қолган, Уэстлейк шаҳарчасида жойлашган кимёвий заводда ёнғин чиққан.

Штатда бўрон бошланишидан аввал ҳукумат аҳолини океандан уч-олти метр баландликда тўлқин келиши, бу эса материкнинг ичкариси томон 60-70 км масофада хавфли сув тошқини рўй бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Фото: Reuters

Жума куни маҳаллий нашрлар кучли тўлқин юзага келмагани ҳақида ёзиб, ҳукуматни ҳаддан ташқари ваҳима қилишда айблади. Аммо кейинроқ маълум бўлдики, бўрон зарбаси охирги лаҳзаларда йўналишни ўзгартириб, синоптиклар кутган нуқтадан 15 миля (24 км) шарқда тўхтаган.

Бўронлар миллий маркази (NHC) бўлим бошлиғи Жейми Роми бу катта эҳтимол билан Лейк-Чарльз шаҳарчасини қутқариб қолганини айтди.

Фото: Reuters

Жума куни Қуролли кучларнинг муҳандислик корпусидан олинган маълумотларга кўра, 15 миля шарқда тўлқин 6 метргача кўтарилган. Роми ҳукуматнинг огоҳлантириши муҳим бўлганини таъкидлаб ўтган, унинг айтишича, 10 йил аввалги тўфонлар қурбонларининг ярми шундай кучли тўлқинлар ёпирилиши оқибатида рўй берганини қайд этиб ўтди. Бугунги кунда рақамлар 4 фоизгача тушган - экспертнинг айтишича, бу  асосан Бўронлар миллий маркази огоҳлантиришлари эвазигадир. 

Штат губернатори Эвардс қутқарув ишлари давом этаётганини маълум қилди. «Қўрқаманки, қурбонлар сони ошиши мумкин. Умид қиламан ва дуода бўламанки, бундай бўлмайди», деган у.

Губернатор асосий шикастланишлар сув туфайли эмас, шамол туфайли бўлганини таъкидлаган.

Кимёвий заводдаги ёнғин
Эндиликда штат ҳукумати электр узатиш тармоқлари, йўллар ва кўприкларни текшириб, тузатиши керак бўлади.

Лейк-Чарльз шаҳарчасида баржа (шатакка олиб юриладиган ёки ўзиюрар ясси юк кемаси) кўприкка бориб урилган, бу Biolab компаниясининг кимёвий заводи ёнгинасида содир бўлган, тўқнашув натижасида хлор сизиб чиққан ва ёнғин бошланган. Губернатор маҳаллий аҳолини уйларини тарк этмасликка ва ойналарни очмасликка чақирди. Маҳаллий полиция ёнғин ўчирилганини билдирган.

Аввалроқ экспертлар «Лаура» сўнгги ўн йилликлардаги «Катрина» тўфонидан кейинги энг ҳалокатли тўфон бўлишини тахмин қилишганди, 2005 йилда кузатилган «Катрина» Нью-Орлеанда 1833 кишини ҳаётдан олиб кетганди. «Лаура» тўфони эса пайшанба куни Кэмеронга кириб келганида шамол тезлиги соатига 240 километргача етди, «Катрина» вақтида энг юқори кўрсаткич - 254 км бўлганди.

Галвестондан Нью-Орлеангача бўлган ҳудудлар, Техаснинг жануби, қарийб бутун Луизиана ва Миссисипи штатининг жануби-ғарбий қисми сув тошқини хавфи остида бўлиб турибди.

Бўрон йўналишидаги ҳудудларда қарийб 4 миллион киши яшайди. Шерифлар, полиция ва бошқа расмийлар аҳолининг катта қисми эвакуация қилинганини айтмоқда.

Кариб ҳавзаси ҳам зарар кўрди
Ўтган ҳафтанинг якшанба кунидан сешанбагача «Лаура» ва ундан аввалроқ кузатилган «Марко» тўфони Кариб денгизи ҳудудидаги оролларда 24 кишининг ўлимига сабаб бўлди, жумладан, Ҳаитида икки бола ҳалок бўлган.

Куба ва Доминикан Республикасида оммавий эвакуация ўтказилган. Ямайкадан йўллар сув остида қолгани ва ер ўпирилишлари рўй бергани ҳақида хабарлар келган.

Тахминан бир хил кучга эга бўлган бу икки довул икки кун оралиғида Луизиана ва Техасга зарба бериши, бу мисли кўрилмаган ҳодиса бўлиши кутилган эди.

Аммо душанба куни Америка қирғоқларига етиб келган «Марко» бу вақтга келиб кучсизланганди ва материк ҳудудида тропик бўрон даражасига кўтарила олмади.

«Лаура» эса аксинча, чоршанба кунидан фақат кучая бошлади.

Фавқулодда ҳолат
Президент Дональд Трамп сешанба куни Луизиана, Техас ва Пуэрто-Рикода фавқулодда ҳолат эълон қилди (бу эса федерал ҳукумат ушбу штатларга молиявий ёрдам кўрсатишга розилигини англатарди) ва аҳолини маҳаллий расмийларнинг тавсияларига қулоқ тутишга чақирди.

Чоршанба куни Бўронлар миллий маркази фуқароларни юқори хавф даражаси ҳақида огоҳлантирди, мустаҳкам уйлар ҳам бўронга дош беролмаслиги мумкинлиги, дарахтлар қулаши, бир неча кун ёки ҳафта давомида электр ва ичимлик суви етказиб берилиши тўхташи мумкинлиги айтилди.

Пайшанба куни марказ шундай чақириқ билан чиқди: «Барча панага!»

Covid-19 билан боғлиқ вазият эвакуацияни қийинлаштирди. Техаса губернатори Грег Эбботт уйидан вақтинча кўчиб, отеллар ёки мотелларга жойлашишга қодир бўлган барчани мустақил ҳаракатланишга чақирди, бу орқали вақтинча тураржойлар билан таъминлаш марказларига тушадиган юкламани камайтириш кўзда тутилганди.

Техасда 420 мингдан ортиқ, Луизианада 200 мингдан ортиқ хонадонга эвакуация ҳақида фармойиш юборилди.

 

Мавзуга оид