Жаҳон | 21:44 / 02.09.2020
27996
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Россиянинг энг хавфли ҳарбий самолёти маълум қилинди 

Товуш тезлигидан юқори тезликда учувчи стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи Ту-160 Россиянинг энг хавфли ҳарбий самолёти ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШнинг Aviation Week & Space Technology нашрида маълум қилинган.

Ту-160 / Фото: ТАСС

Собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқилган самолётга бағишланган фотожамланмада Ту-160 айни вақтда дунёдаги энг катта ҳарбий самолёт ҳисобланиши айтилган. Россия томонидан самолётнинг модернизация қилинаётгани унинг ҳарбий имкониятларини янада оширади.

Маълум қилинишича, Россия мудофаа вазирлиги 2018 йил январда 2021-2027 йиллар давомида 10 та Ту-160М олиш бўйича шартнома тузган. Россия Blackjack’ни (самолётнинг НАТОдаги шартли номланиши) 2060-йилларгача қуролланишда қолдирмоқчи.

Мақола муаллифининг эслатишича, Ту-160 охирги вақтда бир нечта муҳим парвозлар, жумладан Венесуэла ва ЖАРга рейслар бажарган ҳамда Россиянинг Суриядаги кампаниясида иштирок этган.

Мақолада, шунингдек, Россиянинг Ту-95МС ва Ту-22М3 самолётлари эслаб ўтилган.

Ту-160 самолёти 1970-йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, Россия ҳаво-коинот кучларида ушбу самолётдан 17 дона бор. 

Ўзгарувчан қанотли самолётнинг узунлиги 54,1 метрни, баландлиги 13,20 метрни, қанотлари қулочининг максимал узунлиги 55,7 метрни ташкил қилади. 40 тоннагача юк кўтара олади, крейсер тезлиги 850 км/соатни ташкил қилади. Ҳавода 15 соатгача қўнишсиз уча олади. Бомбардимончи ядро ва оддий қурол билан душман объектларига зарба беришга мўлжалланган.

Мавзуга оид