Жамият | 12:22 / 04.09.2020
22390
2 дақиқада ўқилади

Имтиҳоннинг иккинчи куни 6 нафар сохта абитуриентга чора кўрилди - ДТМ

Давлат тест маркази 3 сентябрь кунги тест синовлари ҳақида маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, шу куни Наманган вилоятида об-ҳаво туфайли 2-смена имтиҳонлари соат 18:30да бошланиб, 21:30да тугаган.

Маълум қилинишича, 3 сентябрь куни 65та объектда тест синовлари 1-сменада соат 08:00 да бошланиб, 11:00 да, 2-смена эса соат 17:00да бошланиб, 20:00да тугаган. Фақат Наманган вилоятида об-ҳаво туфайли 2-смена имтиҳони соат 18:30да бошланиб, 21:30да тугаган.

«Тест синовларида бир кунда иштирок этиши режалаштирилган 117 минг 919 нафар абитуриентдан 112 минг 103 нафари, яъни 95,1 фоизи қатнашди, 5 минг 695 нафар абитуриент тестга келмаган. 6 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлгани сабабли, уларга рухсат берилмади.

40 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида имтиҳондан четлатилган. Уларнинг 28 нафари телефон, 3 нафари шпаргалка олиб киришга ҳаракат қилган, 9 нафари бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган.

75 нафар абитуриент эса имтиҳон жараёнида тестдан четлатилган. Бу абитуриентларнинг 62 нафари телефон ва электрон қурилмалар, 7 нафари шпаргалкадан фойдаланишга ҳаракат қилгани учун, 4 нафари эса тест материалларини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилгани, 2 нафари бошқа шахснинг ўрнига киргани учун четлатилган.

Қўшимча қилинишича, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида бошқа абитуриент ўрнига кирмоқчи бўлган 6 нафар сохта абитуриент жараёндан четлатилиб, уларга Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан белгиланган тартибда чоралар кўрилган.

Мавзуга оид