Ўзбекистон | 16:53 / 07.09.2020
70490
2 дақиқада ўқилади

«Иккинчи тўлқинни кутяпмиз ва унга тайёрланяпмиз» - СЭОА директори

Ўзбекистон коронавирус инфекцияси касаллигининг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев «Коммерсантъ» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, куз-қиш мавсумида грипп, ЎРВИ каби инфекцион касалликларнинг кўпайиш вақти кузатилади.

«Ҳа, биз иккинчи тўлқинни кутяпмиз ва унга тайёрланяпмиз. Куз-қиш - бу бошқа юқумли касалликлар, шу жумладан грипп, ЎРВИнинг кўпайиш вақти кузатиладиган мавсум. Карантин чораларининг деярли ҳаммаси енгиллаштирилди, одамлар ўртасидаги мулоқот кўпаймоқда, мактаблар, университетлар, болалар боғчалари очилмоқда», - деди у.

Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, иссиқ жазирама пайтида касалланиш камаймади, аксинча, Ўзбекистонда июль ойи охири - август ойи бошларида беморлар сонининг ортиши кузатилди, оғир шаклдаги беморлар кўпчиликни ташкил этди.

«Шифохоналарга юклама ортди. Яъни, вируснинг юқиши ёки юқмаслигини ҳаво ҳарорати билан боғламаган бўлардим. Ҳозир биз касалланишнинг энг юқори чўққисини бошдан кечирдик, вазият барқарорлашди, аммо бу куз-қиш даврида ўткир респиратор инфекциялар билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари кўпаймайди, дегани эмас. Шу сабабли, пандемия билан курашишга тайёрликни оширишда давом этамиз», - деди СЭОА директори.

Бундан олдин, Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон коронавирусга қарши Россия вакциналарини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқаётганини билдирганди.

Унинг айтишича, Россия вакцинаси бўйича мутахассислар ва ҳукумат даражасидаги муҳокамалар жараёни давом этмоқда. Икки ҳафтадан сўнг қарор қабул қилиниши мумкин.

Мавзуга оид