Жаҳон | 08:19 / 15.09.2020
56059
2 дақиқада ўқилади

Зуҳро сайёрасида ҳаёт излари топилди 

Фото: NASA / JPL-Caltech / Reuters

Зуҳро сайёраси – Венера атмосферасининг юқори қатламларида фосфин гази излари топилди. Ушбу газ баъзи тирик организмлар томонидан ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда nature astronomy хабар берди. 

Зуҳро атмосферасида фосфин борлиги Кардифф университети (Британия) ва Массачусетс технологик университети (АҚШ) олимлари томонидан Гавайидаги Жеймс Кларк Максвелл телескопи ва Чилидаги Атакам радиотелескоплар тизими ёрдамида кашф қилинди. 

Фото: NASA / JPL / CA

NASA агентлиги директори Жим Брайденстайн ушбу ҳодисага изоҳ бериб, Зуҳрога кўпроқ эътибор қаратиш вақти келганини айтган. 

“Анаэроб биология иккиламчи маҳсулоти бўлган фосфиннинг топилиши Ердан ташқарида ҳаёт борлиги исботларини топишдаги энг муҳим ҳодиса ҳисобланади”, деб ёзган Брайденстайн твиттерда.

Фосфин рангсиз, ўта заҳарли газ бўлиб, Ерда уни анаэроб, яъни кислород мавжудлигини талаб этмайдиган микроорганизмлар ишлаб чиқаради. 2019 йилда экзосайёралар атмосферасида фосфинни излашни уларда ҳаёт борлигини англатувчи белги этиб белгилаш таклиф қилинган.

Зуҳро Қуёшдан иккинчи сайёра бўлиб, У Ернинг энг яқин қўшниси ҳисобланади. Ушбу сайёра бошқа сайёралардан фарқли, Қуёш атрофида орқа йўналишда айланади. Бу эса сайёрада Қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиқишини ва шарққа ботишини англатади.

Мавзуга оид