Ўзбекистон | 10:10 / 23.09.2020
17005
2 дақиқада ўқилади

Учқудуқда юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этди

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни соат 18:30ларда, Навоий вилояти Учқудуқ тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 автомобиль йўлининг 281-282 километрлари оралиғида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, “Учқудуқ-Зарафшон” йўналишида, ҳайдовчи, 1997 йилда туғилган Н.Д. хавфсизлик камарини тақмасдан “Ласетти” русумли автомобилни бошқараётиб, йўлнинг хавфли бурилиш жойида қарама-қарши бўлакка ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, хавфсизлик камарини тақмаган, 1997 йилда туғилган Ж.Ж. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, “Нексия” русумли автомобиль йўловчилари, 57 ёшли Р.Д. воқеа жойида ва 24 ёшли С.М. шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этишган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси, 23 ёшли Ж.Ж. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Учқудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан йўлнинг хавфли бурилиш жойларида йўл белгиларига амал қилишларини, тезлик меъёрини оширмасдан ҳаракатланишларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид