Ўзбекистон | 11:01 / 26.09.2020
10828
5 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилди

Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ва Нурота туманининг чегаралари ўзгариши ҳамда Ғозғон шаҳри вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилиши муносабати билан Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 2 майдаги 2491-III-сон қарорига ҳамда Олий Мажлис Сенатининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги СҚ-419-III-сон қарорига мувофиқ Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилган.

Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар:

Ғозғон шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси;

Ғозғон шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ва бошқарув ходимларининг сони тасдиқланди.

Белгиланишича, Ғозғон шаҳрида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ходимлари вазирликлар ва идораларнинг умумий штат бирликлари доирасида киритилади.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов:

ўн кун муддатда Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий-техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлайди;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳри бюджетининг прогноз параметрларини белгилайди;

Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди;

Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилиши муносабати билан янгидан ташкил этилаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий тузилмаларини кўп йиллик тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш, шунингдек, Нурота туманидаги мавжуд штатларни қисқариши натижасида бўш қолаётган шахсларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўради;

бир ой муддатда Навоий вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳар ҳокимлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри бўлинмаларини зарур бино ва иншоотлар ҳамда моддий-техника воситалари билан таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижросини ташкил этсин ва жойига чиққан ҳолда муҳокама қилиб боради. 

Бунда:

шаҳарда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш;

шаҳар ҳудудида геология-қидирув ишлари кўламини кенгайтириш орқали янги конларни аниқлаш ва ўзлаштириш чораларини кўриш;

шаҳарда кўп квартирали уйлар қурилишини ташкил этиш орқали урбанизация даражасини ошириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яхшилаш ишларига асосий эътибор қаратади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга икки ой муддатда Ғозғон шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси статистика кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда юритишда ташкил этилаётган Ғозғон шаҳрининг маъмурий ҳудудларини инобатга олади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилиши натижасида маъмурий-ҳудудий чегаралар ўзгарганлиги муносабати билан белгиланган тартибда ер ҳисоботларига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида адлия бўлими, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ва давлат хизматлари маркази ташкил этилишини;

Навоий вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳар давлат хизматлари маркази биносининг қурилиши инвесторлар бўлмаган тақдирда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ташкил этилишини таъминлайди.

Мавзуга оид