Жамият | 21:19 / 01.10.2020
113651
5 дақиқада ўқилади

Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйган аёл ҳалок бўлди

Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли аёл 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, марҳум икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини билдирган.

Фото: Видеодан кадр

Маълум бўлишича, у фирибгарлик қурбони бўлган - унинг онасига уйни 13 минг долларга алдаб сотган аёлга озодликни чеклаш жазоси қўлланган, уйнинг асл эгаси эса мулк ўзига қайтарилиши учун судга мурожаат қилган.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида яшовчи фуқаро уйидан мажбурий чиқаришга оид ижро ҳаракатлари амалга оширилаётган пайтда ўзига ўт қўйиб юборгани тасвирланган видео тарқалди.  

Видеолавҳада аёл киши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқа фуқаролар олдида уйдан мажбурий тартибда чиқаришга оид талабга қаршилик кўрсатаётгани акс этган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Kun.uz’га тақдим этган маълумотга кўра, ушбу ҳодиса 29 сентябрь куни Наманган шаҳрида содир бўлган.

«Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, ундирувчи Ж.А. фойдасига жавобгар М.Д. ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳридаги хонадонлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўйича бюронинг Наманган шаҳар бўлими томонидан иш юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.

Жавобгар М.Д. ва унинг оила аъзоларига низоли уйдан чиқиб кетишлари кераклиги тушунтирилиб, ижро ҳужжати талаби бажарилмаган тақдирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан жарима жазоси қўлланиши ҳамда мажбурий тартибда кўчирилиши тўғрисида бўлим давлат ижрочиси томонидан 2019 йил 6 декабрда огоҳлантириш хати берилган.

Қарздор М.Д. ва унинг оила аъзолари давлат ижрочисининг оғзаки ва ёзма огоҳлантиришига қарамасдан суднинг ижро варақасида кўрсатилган хонадонни бўшатишдан бўйин товлагани учун давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжатида кўрсатиб ўтилган манзилдан 2019 йил 12 декабрь куни кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга маълум қилинган.

Бироқ, жавобгар М.Д. томонидан кассация тартибида шикоят келтирилгани сабабли юқоридаги қарор ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги суднинг ажрими қабул қилинган ва ижро ҳаракатлари тўхтатилган.

Шундан сўнг, суд ажрими билан кассация шикоятини қабул қилиш рад қилинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилган.

Жорий йилнинг 11 март куни мазкур хонадонга мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказиш учун тегишли ташкилот ходимлари ва холислар иштирокида борилганда қарздор М.Д. уйда йўқлиги сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга биноан идоравий бўйсунувидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда карантин ҳолати жорий қилингани сабабли, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш 2020 йил 15 августга қадар тўхтатиб турилган.

Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида давлат ижрочиси томонидан 17 сентябрда ижро ҳужжати бўйича томонлар бюронинг Наманган шаҳар бўлимига чақиртирилиб, уларга ижро ҳужжати талаби қайтадан тушунтирилган. Шу билан бир қаторда, ижро ҳужжати талабини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтириб ўтилган, манзилдан ихтиёрий равишда кўчиш таклиф қилинган. 

Бироқ, жавобгар М.Д. ва унинг оила аъзолари кўрсатиб ўтилган низоли хонадондан ихтиёрий равишда кўчиб чиқиб кетмагани сабабли, давлат ижрочиси томонидан шу йил 29 сентябрь куни кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга (Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-ИИБ, ФВВ ЁХБ Наманган шаҳар бўлими, МФЙ, ТТЁ Наманган шаҳар бўлими) маълум қилинган.

Шу куни юқоридаги манзилга борилганда, қарздор М.Д. ва унинг қизи Д.Г. томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатилган. Ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985  йилда туғилган Д.Г. ўзига бензин ёқилғисини сепиб, ёқиб юбориб, ўз жонига суиқасд қилган», дейилади МИБ муносабатида.

Фуқаро Д.Г. танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати натижасида 2020 йил 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид