Жаҳон | 09:10 / 06.10.2020
14312
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда сайловлар натижалари бекор қилиниши мумкин

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков парламент сайловлари натижалари бекор қилиниши мумкинлигига йўл қўйди.

Жээнбековнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиеванинг таъкидлашича, президент юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Марказий сайлов комиссиясига сайловларда йўл қўйилган қоидабузарликлар билан боғлиқ материалларни батафсил ўрганиб чиқишни ва лозим топса, сайловлар натижаларини бекор қилишни тавсия қилган.

Стамалиеванинг айтишича, Жээнбеков Бишкекда қолмоқда ва вазиятни назорат қилмоқда. 

Бу орада Қирғизистон бош прокурори деб эълон қилинган ва ушбу лавозимни вақтинчалик бажараётган Алмамбет Шикмаматов 24.kg нашрига парламент сайловлари натижалари бекор қилинганини маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, сайловлар натижаларининг бекор қилиниши мухолифатнинг бош талаби бўлган ва у бажарилди. Шу билан бирга у янги сайловлар қачон ўтказилишини айта олмаган.

Аввалроқ Қирғизистонда сайловлар натижаларини сохталаштиришга алоқадор барчани ҳибсга олишга санкциялар берилгани маълум қилинган.

Мавзуга оид