Жаҳон | 14:51 / 08.10.2020
19209
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда юқори лавозимдаги амалдорларнинг мамлакатдан чиқиши тақиқланди

Маълум қилинишича, чегара хизмати бўлинмалари 24 сентябрдан кучайтирилган режимда ишламоқда.

Фото: Vladimir Voronin / AP

Қирғизистон давлат чегара хизмати юқори лавозимдаги амалдорларни мамлакатдан чиқармаслик топшириғини олди. Бу ҳақда чегара хизмати вакилига таяниб ТАСС хабар берди.

"Шундай топшириқ берилди ва табиийки, топшириқни бажарамиз", - деди агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, чегара хизмати бўлинмалари 24 сентябрдан кучайтирилган режимда ишламоқда.

"Бу ҳозирда бўлаётган воқеалар билан боғлиқ эмас, парламент сайловлари боис 24 сентябрдан мана шундай тартибга ўтганмиз", - деб таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган намойишчилар 5 октябрь куни кечқурун Бишкекда Оқ уйни ва миллий хавфсизлик қўмитаси биносини қамал қилишди. Бишкек марказидаги асосий майдонда милиция билан бир неча соат давом этган тўқнашувлардан кейин намойишчиларнинг қўли устун келди.

6 октябрь куни сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилди.

Мавзуга оид