Ўзбекистон | 18:52 / 12.10.2020
40077
6 дақиқада ўқилади

Самарқанддан ўғирланган тарихий кошинлар Лондон аэропортида қўлга туширилди

Самарқанддаги Шоҳи-Зинда мажмуасига тегишли 6та кошин ўғирланиб, Дубай орқали Лондонга олиб борилгани маълум бўлди. Бунга ўхшаш ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Фото: Жон Уильямс / Британия музейи

Британия музейи Самарқанддаги мақбарадан ўғирланган, XIII–XIV асрларга оид кошинлар партияси Ўзбекистонга репатриация қилинишида кўмаклашади. Тарихий буюмлар 2020 йилнинг январида Лондон аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида олиб қўйилган, деб хабар тарқатди The Guardian.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ушбу хабарни тасдиқлади. Қайд этиш жоиз, бу – Ўзбекистондаги обидалар кошинларининг четга олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Инглиз нашрига кўра, 6та кошинни январь ойида БААнинг Дубай шаҳридан Лондондаги Хитроу аэропортига келтирган шахс бу буюмларни Шаржа шаҳридан, 315 дирҳамга (85 доллар атрофида) сотиб олганини айтган ва буни «тасдиқловчи» квитанцияни ҳам кўрсатган. У кошинлар «худди қадимий ашёдек кўринадиган» қилиб ясалганини билдирган.

«Аслида эса бу бўлаклар бир неча ўн минг фунт туради ва улар асл ватани – Ўзбекистон маданияти учун муҳим аҳамиятга эга», – деб ёзади The Guardian.

Халқаро маслаҳат кенгаши

Кошинларга Қуръон оятлари битилган.
Фото: Жон Уильямс / Британия музейи

Инглиз чегара хизмати ушбу буюмлар тарихий ва қимматбаҳо бўлиши мумкинлигини гумон қилиб, уларни ўрганиш учун Британия музейига топширади. Май ойида дунёнинг 7та мамлакати олимлари иштирокида маслаҳатлашув кенгаши тузилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабарига кўра, кенгашдан ўзбек мутахассисларидан ташқари Англиянинг Оксфорд ва Кембриж, Шотландиянинг Эдинбург, Канаданинг Йорк ва Туркиянинг Ҳожи Байрам Вели университетлари, АҚШнинг Бостон коллежи, Эрон Миллий музейи, Россия Эрмитажи олимлари ҳам ўрин олган.

«Пандемияга қарамай, жуда қисқа вақт ичида ва бутун дунё бўйлаб кўплаб мутахассислар гуруҳи йиғилгани қойилмақом иш бўлди», – дея Британия музейининг Яқин Шарқ бўлими катта куратори доктор Жон Симпсоннинг сўзларини келтирмоқда The Guardian.

Кошинлар ЎзФА Археология институти, Самарқанддаги қўриқхона ёки музейдан олиб кетилган бўлиши мумкин

Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуаси
​​​​​Фото: Kun.uz

Кенгаш хулосасига кўра, кошинлар ХIII аср охири – ХIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли. Маданият вазирлиги бу хусусда қуйидагиларни маълум қилди.

«Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасида бир неча бор, хусусан 1996, 2000 ва 2004 йилларда археологик қазиш ва тиклаш ишлари амалга оширилган.

2004 йилдаги ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳридаги тарих музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмади. Кошинлар мусодара қилинди ва кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилди.

6та кошиндан фақат биттаси бутун.
Фото: Жон Уильямс / Британия музейи

Карантин бўлишига қарамай, Маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, Маданий мерос бўлимидаги ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини аниқ жойларда ўрганишни бошлади. Кошинларнинг маълум бир ёдгорликка тегишлилигини аниқлаш учун Самарқандга борадиган ишчи гуруҳ ташкил этилди. Тадқиқотлар давомида кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланди, аммо меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча аниқланмади.

Айни пайтда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда», – дейилади Маданият вазирлиги ахборотида.

Қўшимча қилинишича, вазирлик ушбу кошинларнинг 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этилишига рози бўлган.

Британия музейи ташрифчилар сони бўйича дунёда Луврдан кейин иккинчи ўринда туради.
Фото: Kun.uz

Бу биринчи ҳолат эмас

Британия музейи директори доктор Хартвиг Фишернинг The Guardian'га маълум қилишича, сўнгги 10 йил ичида Британия музейи Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга 2500дан ортиқ буюмларни қайтаришга ёрдам берган.

Масалан, 2017 йилда. Икки йил олдин исломий хаттотлик санъати акс этган, ярим метрлик кошин (қуйидаги суратда) Англияга бориб қолгани маълум бўлганди.

Бухородаги Чашмаи-Аюб мақбарасидан юлиб олинган кошин
Фото: Британия музейи

Мовий рангли, силлиқланган кошин 2014 йилда ўғирланган. Ўғрилар уни Бухоро жойлашган, XII асрга оид Чашмаи-Аюб мақбараси пештоқидан кўчириб олишган. Йирик артефакт Mayfair галереясида сотиш учун пайдо бўлгунга қадар, йўқолиб кетган деб ҳисобланган.

Маданият вазирлиги Ўзбекистон тергов органлари томонидан текширув ўтказилганидан сўнг, ушбу ўғирликда иштирок этган шахслар жазоланганини билдирган. Ҳозирда ушбу кошин Тошкентдаги Давлат санъат музейида сақланмоқда.

Мавзуга оид