Ўзбекистон | 20:39 / 13.10.2020
4076
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири МАГАТЭ делегацияси билан музокара ўтказди

 12 октябрь куни Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов МАГАТЭ бош директори ўринбосари ва Кафолатлар департаменти раҳбари Массимо Апаро бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, томонлар Ўзбекистон ва Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

 “Жаноб Апаро хавфсизлик масалалари бўйича МАГАТЭ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро самарали алоқалар мавжудлигини ва ядровий дастурни ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинишини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатнинг мажбуриятлари янада ошишини таъкидлади ва бунинг учун семинарлар ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш орқали тўлиқ ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. МАГАТЭ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

МАГАТЭ делегацияси Ўзбекистоннинг ядро технологияларини ривожлантириш борасидаги сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигига ишонч билдириб, бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва қадамларни алоҳида таъкидлади”, дейилади хабарда.

«Биз МАГАТЭ билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муносабатларини юксак қадрлаймиз ва уни келгусида янада кенгайтириш ниятидамиз», - дея таъкидлади учрашув чоғида Алишер Султонов. 

Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатда ядро энергияси бўйича миллий дастурни ишга тушириш билан барча халқаро мажбуриятларни бажаришга интилаётгани қайд этилди. 

Тошкентга ташриф асносида МАГАТЭ делегацияси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтида бўлди, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев билан учрашув ўтказди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов билан музокаралар ўтказилиб, ядро материаллари кафолатлари масалалари муҳокама қилинди.

2019 йил август ойида Ўзбекистонда МАГАТЭ билан ҳамкорликнинг 25 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур ҳамкорлик 2018 йилда Ўзбекистонда атом энергиясидан фойдаланиш ва Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом”) ташкил этилганидан буён янги босқичга кўтарилди.

Мавзуга оид