Қирғизистон президенти истеъфога чиқди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди. Бу истеъфо амалда янги бош вазир Садир Жапаровнинг талаби билан рўй берди. Жапаров 14 октябрь куни Жээнбеков билан учрашув ўтказган ва талабини билдирган, аммо президент лавозимини тарк этишни истамаганди. Бу ўзгаришлар Жапаров қамоқхонадан озод этилган намойишлар фонида бўлмоқда.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 15 октябрь куни, қирғиз халқига мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий вазият туфайли мурожаат билан чиқди.
«Азиз ватандошлар! Мамлакатимиз пойтахти Бишкек шаҳрида ижтимоий-сиёсий вазият кескинлигича қолмоқда. Кеча Жўқорғи Кенгеш ҳукумат таркибини тасдиқлади, мен Қирғизистон Республикаси президентининг тегишли лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги фармонларини имзоладим. Аммо, бу кескинликни юмшата олмади.
Мен учун Қирғизистонда тинчлик, мамлакат яхлитлиги, халқимизнинг бирлиги ва жамиятдаги осойишталик ҳамма нарсадан устундир. Мен учун ҳар бир ватандошимнинг ҳаётидан азизроқ нарса йўқ. Мен ҳокимиятда интилмайман. Қирғизистон тарихида ўз халқига ўқ отган ва қон тўккан президент сифатида қолишни истамайман. Шу сабабли истеъфога чиқишга қарор қилдим. Мен Жапаровни ва бошқа сиёсатчиларни пойтахтдан ўз тарафдорларини олиб чиқиб, Бишкек аҳолисига тинч ҳаётни қайтаришга чақираман. Ҳеч қандай ҳокимият мамлакатимиз бир бутунлиги ва жамиятдаги тотувликдан устун эмас», дейилади президент сайтида жойлаштирилган баёнотда.
Шу кунларда Жээнбеков янги бош вазирнинг истеъфо тўғрисидаги талабини рад этганди.
Чоршанба куни тонгда у Жапаровни ҳукумат раҳбари этиб тайинлаганди. Бу иккинчи уринишда рўй берди. Парламентнинг биринчи тайинлови президент томонидан рад этилган, у буни бош вазирни тайинлаш учун ўтказилган йиғилишда парламентда етарли миқдорда депутатлар иштирок этмагани билан изоҳлаганди.
Президент Жапаровни бош вазирликка тайинлаши билан у президентнинг истеъфосини талаб қила бошлади.
«Президентнинг истеъфоси - халқ талаби. Бугун мен президентнинг олдига кираман, биз бу масалани ҳал қиламиз», - деганди Жапаров журналистларга.
Бу вақтда ҳукумат биноси олдида Жапаровнинг тарафдорлари йиғилган ва президент истеъфосини талаб қилиб митинг бошлаганди.
Президент билан учрашувда янги бош вазир яна бир бор ундан зудлик билан истеъфога чиқишни талаб қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати ҳам хабар берган. Чоршанба кунги учрашув вақтида президент бу талабни бажаришдан бош тортганди.
«Президент 9 октябрь куни баён қилинган позициясида қатъий турибди: у мамлакатни ҳуқуқий йўлга қайтаргач — парламент сайлови ўтказилганидан ва президентлик сайлови эълон қилинганидан кейин истеъфога чиқади», деганди президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева.
«Сооронбай Жээнбеков яна бир бор ҳозирда президент лавозимини тарк этишга ҳақли эмаслигини таъкидлаб ўтди, чунки бу давлатга зарар келтирадиган воқеалар ривожига олиб келиши мумкин», - дейилган унинг баёнотида.
Жээнбеков истеъфо ҳақидаги баёнотида яна бир бор ўйлаб кўрганини айтиб ўтган: «Афсуски, тажовуз сусаймаяпти, зудлик билан истеъфога чиқишим ҳақида талаб давом этмоқда. Ҳозирги вазият икки томонлама зиддиятга яқин. Бир томондан - намойишчилар, бошқа томондан - ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари. Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари давлат қароргоҳини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатиши шарт ҳисобланади. Бундай ҳолда, қон тўкилади, бу муқаррар. Иккала томонни ҳам фитналарга берилмасликка чақираман».
Чоршанба куни Жапаровнинг тарафдорлари президент истеъфога чиқишдан бош тортганидан норози бўлиб, комендантлик соати амал қилаётганига қарамай, «Ала-Арча»даги президент қароргоҳига бориш ниятларини билдиришди.
Жапаров кечқурун ўз тарафдорлари олдига келди ва эртагача тарқалишни сўради. Бишкек ИИББ ҳам акция иштирокчиларидан комендантлик соати чораларига амал қилиб, тарқалишни сўради. Бироз вақт ўтиб намойишчиларнинг бир қисми автобусларга ўтиришди ва «Оқ-Кема» меҳмонхонасига йўл олишди, улар сўнгги кунларни шу ерда ўтказишмоқда, бир қисми эса қароргоҳ томон йўл олган.
Пайшанба куни Жапаровнинг тарафдорлари қароргоҳга яқин жойда тўпланаётгани маълум бўлди. «Интерфакс» мухбири бу ерга мингга яқин киши келганини хабар қилган, ТАСС агентлиги хабарида «Ала-Арча»га бир неча автобус ва ҳарбий юк машиналарида милиция ходимлари ва ҳарбий хизматчилар келтирилгани айтилган.
Жээнбековни уч йил муқаддам - 2017 йилнинг 15 октябрида президент этиб сайлашганди. Sputnik Қирғизистон маълумотида қайд этилишича, ушбу мамлакатнинг барча президентлари 61 ёшида истеъфо берган, Жээнбеков бешинчиси бўлди.
Жапаров 51 ёшда, у икки марта Қирғизистон парламенти депутатлигига сайланган, у худди Жээнбеков каби шимолдаги Иссиқкўл областида туғилган. 2017 йил августида Бишкек суди уни давлат амалдорини гаровга олишда айбдор деб топиб, 11,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этганди. Бу иш 2013 йилда «Қумтор» конини миллийлаштириш талаби билан ўтказилган митингдан кейин очилганди. Ўшанда Жапаров бошлиқ намойишчилар Қоракўлда Иссиқкўлнинг ўша вақтдаги губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олишганди.
Шу йилнинг 6 октябрига ўтар кечаси Бишкекдаги тартибсизликлар вақтида намойишчилар бўлажак бош вазирни озод қилишди. Бу намойишлар 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин бошланганди, сайловда мухолифатчи партияларнинг бирортаси парламентда ўрин ололмаганди.
Шундан сўнг, намойишчилар парламент биносига бостириб киришди, МСК сайлов натижаларини бекор қилди, кўп ўтмай парламент депутатларининг бир қисми Жапаровни бош вазир лавозимига тасдиқлашди.
Тартибсизликлар вақтида Жапаров билан бирга мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳам озод этилганди. У коррупция ва жиноий тўдабошининг ноқонуний қўйиб юборилиши билан боғлиқ ишлар туфайли 11 йилга қамалганди. Атамбоевнинг тарафдорлари уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қамоқхонасидан озод этишганди. Аммо у 9 октябрь куни яна қўлга олинди.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024