Ҳонгконг Goldman Sachs’га 350 миллион доллар жарима солди
Ҳонгконгнинг қимматбаҳо қоғозлар ва фьючерслар бўйича комиссияси (SFC) Goldman Sachs банкининг Осиёдаги бўлимини ўзи учун рекорд қийматга – 350 млн доллар миқдорида жаримага тортди. АҚШ банки “жиддий камчиликлар ва хатарларни етарлича бошқармаслик, пул ювишга қарши етарлича курашмаслик”да айбдор деб топилган.
Бу ҳаракатлар банкка 1Malaysia Development Berhad (1MDB) жамғармаси томонидан 2012 ва 2013 йилларда облигациялар жойлаштирилиши давомида жалб қилинган 6,5 млрд доллардан 2,6 млрд долларини ноқонуний ўзлаштиришда ёрдам берган.
Малайзия жамғармаси билан боғлиқ можаро 2015 йилда авж олган. Текширув вақтида у 11 млрд доллар қарзга эгалиги аниқланган. Тергов малайзиялик юқори лавозимли мансабдор шахслар иштирокидаги коррупциявий схемаларни фош қилган ва ўшанда Малайзия бош вазири лавозимини эгаллаган Нажиб Раззоқнинг шахсий ҳисобрақамларида юқоридаги суммадан 700 млн долларни аниқлашга имкон берган. Давлат жамғармасининг қолган маблағлари хорижий амалдорларга пора бериш учун сарфланган. Ҳозирда Раззоқ коррупция учун қамоқ жазосини ўтамоқда.
Жорий ҳафтада АҚШ банки ўз айбини тан олишга ва АҚШ ҳукуматига ушбу иш бўйича таъқибларни тўхтатиш учун 2,8 млрд доллар тўлаб беришга рози бўлгани маълум бўлган. Бу келишув доирасида банк АҚШ адлия вазирлигига 2,2 млрд доллар жарима тўлайди ва ноқонуний топилган 600 млн долларни қайтариб беради.
Июлда эса Goldman Sachs ушбу иш бўйича Малайзияга 2,5 млрд доллар тўлаб ва 1MDB билан боғлиқ активлардан даромад сифатида олинган 1,4 млрд долларни қайтаришга ваъда бериб, Малайзия ҳукумати билан барча эътирозларни ҳал қилиш бўйича келишувга эришганини эълон қилган.
Шу тариқа, ушбу можаро АҚШ банкига 7 млрд долларга айланади. The Wall Street Journal нашри компания ушбу қийматдан бир қисмини банкнинг ноқонуний фаолиятига жавобгар бўлган раҳбарларидан ундирмоқчилигини маълум қилган. Нашр маълумотларига кўра, компаниянинг амалдаги президенти Дэвид Соломон, ундан аввалги президент Ллойд Бланкфейн ва банкнинг бошқа бошқарувчиларидан ўнлаб миллион доллар ундирилади.
Мавзуга оид
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
23:51 / 10.12.2024
Хитой «Ҳонгконг ишига алоқадор» АҚШ фуқароларига виза беришни чеклади
17:40 / 03.12.2024
Ҳонгконгда 2,5 минг панда ҳайкалларидан иборат кўргазма ўтказилмоқда
00:28 / 06.09.2024