Ўзбекистон | 18:28 / 26.10.2020
9243
4 дақиқада ўқилади

Электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш вазифалари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

«Бу соҳадаги тизимли ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан бошланган эди. Ҳужжатга мувофиқ, Энергетика вазирлиги ташкил этилиб, соҳада бошқарув ва тижорат функциялари ажратилди.

Шунингдек, 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги президент қарори билан собиқ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти негизида 3 та йўналиш бўйича алоҳида компаниялар – «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари ташкил этилди.

Энергетика соҳасига хусусий инвестициялар кириб келиши учун замин яратилди. Натижада бир йилнинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида 2 миллиард долларлик тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш, 2 минг 700 мегаватт қувватли 6та янги электр станциясини қуриш бўйича лойиҳалар бошланди.

Энди олдинда трансформациянинг янги босқичи, яъни, станцияларни модернизация қилиш, энергия тежамкорликни ошириш, таннархни пасайтириш ва истиқболда электр энергиясининг рақобатли бозорини яратиш вазифалари турибди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу йўналишлардаги муҳим чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аввало, корхоналарни модернизация қилиш масаласига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори. Бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёд.

Шу боис модернизация ишларини давом эттириш, лекин буни олдингидек давлат кафолати ҳисобига эмас, балки хусусий капитални жалб қилиш орқали амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари» ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш тизимига ўтиш кераклиги таъкидланди.

Бу халқаро кредит рейтинги олиш, келгусида еврооблигациялар чиқаришда муҳим омил бўлади. Мутасаддиларга шу мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур 4та компаниянинг уч йиллик молиявий модели ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Трансформация жараёнларига кўмаклашиш учун корхоналар бошқарувига ва кузатув кенгашларига чет эллик мутахассислар жалб қилиниши бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозирда электр энергияси улгуржи бозори қоидалари белгиланмагани сабабли инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда. Бундай ёндашув келгусида рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Шу боис электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Соҳага илғор технологияларни кенг жорий этиш, «рақамли трансформация»ни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда янги лойиҳаларнинг ижросига ҳам эътибор қаратилди. Маълумки, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарёда қуёш, Бухоро ва Қорақалпоғистонда шамол, Сирдарё ва Сурхондарёда иссиқлик электр станциялари барпо этилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни жадаллаштириш, уларга давлат-хусусий шериклик асосида инвестициялар йўналтириш муҳимлиги айтилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ҳисобот берди.

Мавзуга оид