Жаҳон | 15:55 / 05.11.2020
20620
3 дақиқада ўқилади

«Телбаликни кузатишда давом этамиз» — АҚШ сайловлари жаҳон матбуоти нигоҳида

Бир неча кундан буён АҚШ президентлигига сайлов нафақат океанортида, балки бутун дунё миқёсида жамоатчилик диққат марказидаги асосий мавзулардан бўлиб турибди.

Фото: bostonglobe

BBC мониторинг хизмати шиддатли тусда ўтаётган сайлов тафсилотлари турли мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилаётганига эътибор қаратди.

Хитой

Хитой ва АҚШ алоқалари сўнгги йилларда, айниқса, Дональд Трамп президентлиги мобайнида энг кескин даврни бошдан кечирди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо уруши жаҳон иқтисодиётига таъсир қилмай қолмади. Хитой давлат матбуоти АҚШдаги сайловларни «бўлувчи, кескинлиги юксак ва хаотик» дея таърифламоқда.

«Агар сайлов натижалари аниқ бўлмаса, хаос юзага келиши мумкин. Бу эса ижтимоий тартибсизликка сабаб бўлади», дейилади мамлакатнинг расмий ахборот агентлиги – Синьхуа сешанба куни тарқатган хабарда. Global Times газетаси эса асосий саҳифасида «Кескинлик ва тартибсизлик АҚШдаги сайловларга таъсир ўтказмоқда», деб ёзди.

Лотин Америкаси

Лотин Америкаси оммавий ахборот воситалари Трампнинг лотин америкалик сайловчилар яшовчи Флорида штатидаги муваффақиятига эътибор қаратди. «Трампнинг Флоридадаги зафари Демократик партиянинг ғалаба қозониш эҳтимолини кўмиб ташлади. Венесуэлалик, кубалик лотинлар ва евангелистлар амалдаги президентни қўллаб-қувватлашди», дея қайд этди Бразилиянинг кундалик газеталаридан бири Folha de Sao Paulo.

Лотин Америкаси шарҳловчиларининг айтишича, Трампнинг Байденни социализм билан боғлаши Куба ва Венесуэладан сургун қилинганлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Европа

«АҚШдаги телбаликни кузатишда давом этамиз», деди Россия давлат телевидениеси «Россия 24»да бир журналист. Рус журналистлари, шунингдек, Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашгани ҳақидаги даъволар билан боғлиқ ҳазиллар ҳам қилишди. «Бизни тинглаётган баъзи дўстларимиз булар аллақачон Трампни ғолиб деб эълон қилишди, деб ўйлашаётгандир», деди. Иккинчиси эса унга жавобан «Бу шунчаки оддий математикадан бошқа нарса эмас», деди.

Европанинг бошқа мамлакатлари эса икки номзоднинг бир-бирига жуда яқин натижа қайд этиши ва бунинг ортидан тартибсизликлар келиб чиқиши эҳтимолига эътибор қаратди.

«Жо Байден аниқ ғалаба қозонади, деб ўйлайдиган кўплаб одамлар ҳам вақт ўтиши билан сўрай бошлашди: Трамп ҳалиям ютиши мумкинми?» деб ёзди Германиянинг Bild газетаси.

Франциянинг Inter ахборот агентлиги эса «Пойга кутилганидан-да аёвсиз курашлар билан кечмоқда, демократик тўлқин ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас», деб таъкидлади.

Яқин Шарқ

Янгилик каналлари асосан сайлов натижалари ноаниқ эканини таъкидлашмоқда.

Миср газеталари «тарихий натижа»га эришилгани, Эрон ОАВлари эса жамиятда тартибсизлик юзага келиши мумкинлигини таъкидламоқда. Press TV «фуқаролар уруши хавфи» мавжудлигини ва сайловлар «жуда қўрқинчли» тус олганини иддао қилган.

Мавзуга оид