Жаҳон | 07:45 / 07.11.2020
29178
2 дақиқада ўқилади

Саҳрои Кабирда юз миллионлаб дарахт борлиги аниқланди

Саҳро Кабир чўли ва Саҳел вилоятининг унга ёндош қурғоқчил қисмида 1,8 млрддан кўпроқ дарахт ва буталар борлиги аниқланди. Бу мутахассислар учун ҳақиқий кашфиёт бўлди, чунки шу пайтгача ушбу ҳудуд деярли ўсимликлардан мосуво, деб ҳисоблаб келинган ва бу фараз сунъий йўлдошлардан олинган кўплаб суратлар билан тасдиқланган

Бироқ Копенгаген университети ва NASA олимлари бу фаразни сунъий онг ёрдамида инкор этишди. Улар Саҳрои Кабирнинг ўзида яккам-дуккам ўсувчи юз миллионлаб дарахт борлигини аниқлашди.   

Олимлар сунъий онгни чўлнинг сунъий йўлдошлардан олинган суратларига “бошқача назар билан қарашга” ўргатишди. Сунъий онг чўлдаги дарахтларни кўриш учун турли дарахтларнинг минглаб суратларини ўрганишига тўғри келди. Унга Саҳрои Кабирнинг улкан сондаги суратларини кўздан кечириб чиқишга бир неча соатгина талаб этилди.

Таъкидланишича, чўлдаги ўсимликлар ҳақида олинган ушбу янги билимлар иқлим моделларини аниқроқ тузишга ёрдам беради. Бундан ташқари, улар ушбу минтақадаги биотурфалик ва экотизимларни тушунишда ҳамда у ерда яшовчи одамлар учун муҳим ҳисобланади.

Охирги тадқиқотларнинг кўрсатишича, Саҳрои Кабир майдони 100 йилдан камроқ вақт ичида 10 фоизга ошган. Олимлар бунинг сабаби сифатида иқлим ўзгаришларини айтишмоқда.

Мавзуга оид