Жаҳон | 12:06 / 08.11.2020
8081
2 дақиқада ўқилади

Зарарли чиқиндилар Ҳимолайгача етиб боргани маълум қилинди

Олимлар Ҳимолай тоғлари ҳавосидаги зарраларни таҳлил қилиб, уларда музликлар эришини тезлаштирувчи “жигарранг углерод” катта миқдорда борлигини аниқлашди. Бу ҳақда Environmental Science & Technology Letters нашрида маълум қилинган.

Фото: Pixabay

Атмосферадаги углерод чиқиндилари “қора” ва “жигарранг” углеродга бўлинади. “Қора” углерод модданинг юқори ҳароратларда тўлиқ ёнмаганида ҳосил бўлади ва қурумнинг асосий компоненти ҳисобланади. “Жигарранг” улгерод эса кислород билан аралашган углерод бўлиб, у азот, олтингугурт ва калий каби элементлар изларига эга. Бундай углерод биомасса ёки ўсимликларнинг ёнишида ҳосил бўлади ва кўндалангига 200 нанометр ўлчамдаги митти қатрон шарчалар шаклланишига олиб келади.  

Олимлар жамоаси Ҳимолай тадқиқот станциясидаги ҳаводан намуна олиб, ундаги минг заррадан 28 фоизи қатрон шарчалар эканини аниқлашган. Олимлар архивларни кўздан кечириб, шарчалар улуши ҳаво ифлосланиши юқори бўлган кунларда, жумладан далаларда буғдой поялари ёқилганда ошганини аниқлашган.

“Жигарранг” углерод ёруғлик ва иссиқликни ютади. У сабабли қор ва муз қуёш нурларини қийин қайтаради ва музликлар эрий бошлайди. 

Таъкидланишича, сайёрамиздаги энг баланд чўққиларга эга бўлган Ҳимолай тоғларида Арктика ва Антарктика ташқарисидаги музлик қорининг энг катта захираси мавжуд. Шу сабабли Ҳимолай баъзида “сайёранинг учинчи қутби” деб ҳам аталади. Аммо кўринишича, тоғларнинг баландлиги ва олисдалиги ҳам уларни саноат чиқиндиларидан ҳимоялай олмаган.

Мавзуга оид