ФАО Бухорода кўмакка муҳтож оилаларга 17та сув насослари тақдим этди
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бухоро туманидаги кўмакка муҳтож хонадонларга 17та сув насослари ва тумандаги томорқа ерларига ишлов бериш учун 4 та мотокультиваторни беғараз тақдим этди.
Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан Kun.uz'га маълум қилишларича, бу – ФАО томонидан Глобал Экологик Жамғарма кўмаги билан амалга оширилаётган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Сув насослари берилган муҳтож хонадонлар рўйхати Бухоро тумани ҳокимлиги ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан тақдим этилган.
«Деҳқон ва томорқа хўжаликларига пандемияга қарши курашнинг мураккаб даврида кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдираман ва шуни таъкидламоқчиманки, Бухоро тумани аҳолиси бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан жуда манфаатдор», – деган Бухоро тумани ҳокими Қахрамон Дўстов.
Таъкидланишича, ФАОнинг туман аҳолисига беғараз ёрдами шу билан чекланмайди. Юқорида таъкидланган лойиҳа доирасида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш учун тумандаги томорқа хўжаликларида 20 та иссиқхона қуриш ҳам режалаштирилган. Иссиқхоналарни етказиб бериш ва қуриш бўйича чора-тадбирлар бошлаб юборилган.
Умуман, лойиҳа доирасида 2020 йилнинг июн ойида Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги томорқа хўжаликларига 30 минг дона помидор, карам ва булғор қалампири кўчатлари, июл ойида эса 10 тоннадан ортиқ азотли ва фосфорли ўғитлар беғараз етказиб берилган. «Бу – пандемия даврида туманда молиявий қийинчиликларга дуч келган томорқа ер эгалари учун сезиларли ёрдам бўлди», – дейилади хабарда.
«Аҳолининг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, глобал озиқ-овқат таъминоти занжирларининг барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат тизимида пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар ушбу мураккаб даврда озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга ёрдам беради», – дейди лойиҳанинг миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов.
Мавзуга оид
12:33 / 13.12.2024
Бухорода 2,6 млн долларлик криптоактивлар билан савдо қилган 17 ёшли ўсмир ушланди
10:24 / 02.12.2024
Бухоро вилояти ҳокимига икки нафар янги ўринбосар тайинланди
13:41 / 30.11.2024
Президент йиғилишидан кейин Бухородаги учта туман ва бир шаҳарда ҳоким ўзгарди
11:34 / 08.10.2024