Спорт | 21:00 / 15.11.2020
3554
2 дақиқада ўқилади

Формула-1: Люис Ҳэмилтон 2020 йилги мавсумнинг муддатдан олдин чемпиони бўлди

“Мерседес” аъзоси Люис Ҳэмилтон “Формула-1”нинг 2020 йилги чемпиони бўлди ва чемпионлик унвонлари сони бўйича афсонавий Михаэл Шумахер рекордини такрорлади. Эндиликда британиялик пойгачи ҳисобида ҳам 7 та чемпионлик унвони бор.

Фото: © REUTERS / Jerome Miron-USA TODAY Sports

Ҳэмилтон муддатдан олдин чемпион бўлишга Туркия босқичида эришди. Унга бунинг учун жамоадоши Валттери Боттасдан 8 очко ютиши керак эди. Пойгачи  Истанбулда ўтган пойгани 6-ўриндан бошлади, бироқ унинг давомида етакчиликни қўлга олиб, маррани биринчи бўлиб кесиб ўтди. Боттас эса жамоадошидан деярли бир айлана орқада қолиб кетиб, 14-ўринни эгаллади. 

Пойгада 2-ўринни “Рэйсинг Пойнт” пойгачиси Серхио Перес, 3-ўринни “Феррари” аъзоси Себастян Феттел эгаллади.

Шу тариқа Люис муддатдан олдин чемпион бўлиш учун зарур шартни бажаришга муваффақ бўлди. Ушбу чемпионлик британиялик спортчи учун фаолиятидаги еттинчиси бўлди. Бунгача Ҳэмилтон 2008, 2014, 2015, 2017, 2018 ва 2019 йилларда чемпион бўлишга муваффақ бўлган. Люис бу натижа эвазига афсонавий немис пойгачиси, 7 карра жаҳон чемпиони Михаэл Шумахернинг рекордини такрорлай олди. 

“Гапиришга ожизман. Жамоамга катта раҳмат. Барча мухлисларимга шунча йиллар давомида мен билан бирга бўлганлари учун раҳмат. Ва оиламга ҳам. Бу сиз орзу қилгандан анча, анча юқоридир. Сизга бирор нарсага эриша олмаслигингизни айтадиганларга қулоқ солманг. Имкони йўқ нарса ҳақида орзу қилинг. Буни рўёбга чиқаринг. Сиз бунинг учун астойдил меҳнат қилишингиз, ўз мақсадингиз ортидан боришингиз ва ҳеч қачон таслим бўлмаслигингиз керак!”, деб айтган Ҳэмилтон.  

“Мен болалигимда Михаэлнинг ғалабаларини кўриб, битта, иккита ёки ҳаттоки учта унвонни ютиш қийинлигини тушунардим. Бироқ еттита унвон – бу ақл бовар қилмас натижадир ва биз, мен ва жамоам биргаликда эришишимиз мумкин бўлган муваффақиятларнинг чеки йўқ!” деб қўшимча қилган чемпион.

Аввалроқ Ҳэмилтон гран-прилардаги ғалабалар сони бўйича Шумининг рекордини янгилаганди. 

Мавзуга оид