Жамият | 00:18 / 16.11.2020
74700
5 дақиқада ўқилади

Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари

Тошкентдаги асл уйсизлар кимлигини биласизми? Минглаб талабалар! Талабаларга вақтинча яшашлари учун одатда уй етишмайди. Уй бозорига борсангиз, қуйидаги ёзилган сўзларга кўзингиз тушади:

«Студенты, привет. Квартира нет».

«Студентга уй берилмайди».

«Студентам не сдаю»

Ва ҳоказо...

Сўнгги йилларда кўплаб уйлар қурилмоқда, бироқ йил сайин сони кескин ўсаётган, толиби илм ҳисобланган, ватанимиз келажаги бўлган талабалар учун давлат томонидан ҳам, хусусий сектор томонидан ҳам ётоқхоналар барпо қилинмаяпти.

Талабаларнинг айниқса азим Тошкентдаги ошиб бораётган сони мавжуд уй захираси сонига мутлақо номувофиқ. Узоқ вилоятлардан бу ерга келган талабалар бунинг оғир шаклдаги бадалини тўлашмоқда — арзон ва ўқишига яқин бўлган жойдан уй излаш ёки у уйдан бу уйга кўчиш билан вақтларини ўтказишмоқда.

Ижара нархи баланд

Уй бозори турли сабабларга кўра талабаларни камситади — уй эгалари талабадан кўра оилали ва ишли ижарачиларни афзал билишади. Пандемия туфайли масофали таълимга ўтилгани боис уйлар бўшагани рост, бироқ бу вақтинча — пандемия тугагач, яна эски ҳолатга қайтилади.

Тошкентда талабалар турар жой муаммоси қуйидаги омиллар сабаб жиддий тус олмоқда:

Олий таълим муассасаларига қабул квоталари 2016 йилдан буён шу кунгача деярли икки баробар ошди;

  • пойтахтда янги университетлар очилди, очилмоқда;
  • республикадаги ОТМларнинг ярмидан кўпи Тошкентда жойлашган;
  • янги ташкил этилаётган нодавлат ОТМлар фақатгина ўқув биносигагина эга бўлиб, ётоқхоналарга эга эмас;
  • мавжуд ОТМлар ўз талабаларининг деярли 10 фоизини ҳам ётоқхона билан таъминлаш қувватига эга эмас.

Мавжуд ва очилаётган ОТМларнинг қанчаси ўз талабаларини ётоқхона билан таъминлаяпти?

Кўпчилик университетлар шаҳар марказида жойлашгани учун уларнинг атрофидаги уйлар ҳам, табиийки, қиммат. Ғарбда эса, масалан, асосий кампуслар шаҳарлар четида бўлади, токи, талабанинг фикри чалғимасин, ётоқхона қуриш осон бўлсин ёки арзон уй топиш осонлашсин.

Бизда эса ундай эмас — ўн минглаб талабалар уй-жой муаммосидан, беқарорликдан, камситилиш ва ночорликдан азият чекмоқда.

Бунга тезроқ ечим топиш зарур

Университетлар ётоқхоналарини кўпайтириши биланми ёки хусусий сектор имкон қадар кўпроқ талабаларни ётоқ билан таъминлай оладиган кўп қаватли турар жой биноларини қуриш биланми, бу масала ҳал этилиши керак.

Ёки бу мақсадлар учун алоҳида инвестицион дастурлар ишлаб чиқиб, инвесторларни жалб қилиб бўлса-да, университетлар атрофида ётоқхоналар барпо этиш зарур.

Кейинги йилларда уйсозлик (янги уй-жой қуриш ва сотиш) соҳасида бирмунча масофа босиб ўтилди. Бу яхши. Аммо жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож, шу билан бирга келажак учун муҳим қатлами — талабалар четда қолиб кетмоқда.

Бир сўз билан айтганда, талабаларнинг қаерда яшаши масаласи уларнинг ўзларига ташлаб қўйилган.

Ривожланган дунёда-чи?

Мисол учун, Япония университетларида 3 миллионга яқин талаба бор, улар кўчмас мулк бозори учун жозибали мижоз ҳисобланади. Японияда бир кишилик «талабалар уйлари» жуда кенг тарқалган.

Буларни давлат ҳам, университет ҳам қурмайди — хусусий фирмалар қуради.

Кичик ва тор бўлса-да, барча шароитлар бўлгани учун, бундай уйларга талабалар тез кўникади. Асосийси, талабаларни турар жой етишмаслигидан келиб чиқувчи беқарорлик ва бир уйда ҳаддан зиёд кўпчилик бўлиб туриш каби муаммолар қийнамайди. Улар илм олишдан чалғимайди.

Тошкент шаҳри мутасаддилари ҳам ОТМ раҳбарлари, хусусий сектор ва банклар билан биргаликда бу масалада комплекс ечим чораларини топишлари, чет эл тажрибаларини қўллашлари лозимдек кўринмоқда.

Ижарага қўйиладиган уйлар ҳақида етарлича маълумот берувчи онлайн платформаларни ҳам шакллантириш лозим бўлади.

Хуллас, талабаларга турар жой муаммосидек «душман»га қарши туришда ёрдам бериш керак. Токи улар ортиқча ташвишларсиз, хотиржам равишда асосий эътиборларини таълим олишга қарата олсинлар.

Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (Япония)
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори,
«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.

Мавзуга оид