Ўзбекистон | 21:53 / 17.11.2020
21399
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: PhD ва фан докторлари сунъий равишда кўпайиб кетяпти

Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори, сенатор Шавкат Аюпов сўнгги пайтда илмий даража олиш ишлари сунъий оширилаётганини билдирди. Унинг айтишича, илмий даражадаги фан номзоди ёки PhD мақомидаги илмий ходим ёхуд педагогика вакилининг маошига устама тўланиши уларнинг сунъий кўпайишига туртки бўлмоқда.

Ҳукуматнинг «Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида»ги қарори билан Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига илмий даражасига қараб, устама қўшиб берилиши белгиланганди.

16 ноябр куни ўтказилган Сенат қўмита йиғилишида Шавкат Аюпов юқорида таъкидланган масалани танқид қилиб, диссертация ҳимоя ишларига жиддий эътибор қаратишни таклиф этди.

«Бизнинг (Ўзбекистонда ёқланаётган – таҳр.) айрим диссертацияларимиз Россиядан олинган, фақат кўчирмакашлик билан ўзбекчага таржима қилинган ва ҳимоя қилинмоқда. Бундай ҳоллар бир нечта ишларда кузатилди. Олий аттестация комиссиясида антиплагиат дастур бор, аммо у ўзбек тилидаги ресурслардан ташкил топган. Бизга айнан рус тилида чиққан ишлар билан солиштира оладиган антиплагиат керак. Албатта, узоқ хориждан ҳеч ким олмайди. Негаки, уларда (узоқ хориж давлатларида – таҳр.) бундай тизимлар (маҳаллийга ўхшаш – таҳр.) йўқ. Россияники бизга тўғри келади. Шу ерда бетма-бет кўчириб, ҳимояга чиқаётган одамлар бор. Сон эмас, сифатга эътибор қаратиш керак», — деди у.

Олимпия қўмитаси раҳбарининг илм-фан бўйича ўринбосари Искандар Мавлоновнинг шу йил март ойида ташкил этилган матбуот анжуманида билдиришича,  Олий аттестация комиссияси томонидан 23та йўналиш қамраб олинганига қарамай, 3 йилда ёқланган 3450та диссертациянинг 585таси тиббиётга оид.

Маълумот учун, 5 ноябр куни 2030 йилгача илм-фанни ривожлантириш концепцияси эълон қилинган. Унда илмий даражали кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимини шакллантириш вазифаси қўйилган. 

Мавзуга оид