Ўзбекистон | 11:24 / 20.11.2020
12917
1 дақиқада ўқилади

Мирзаобод туманига янги ҳоким тайинланди

Бугун, 20 ноябр куни, халқ депутатлари Мирзаобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жонибек Яриев / Фото: Сирдарё вилоят ҳокимлиги

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Туман ҳокими Ҳамидулла Абдуллаев эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Жонибек Яриев Мирзаобод тумани ҳокими лавозимини эгаллади.

Жонибек Яриев 1981 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида туғилган, 2008 йилда Гулистон давлат университети, 2011 йилда Тошкент молия институти, 2015 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодиёт.

У 2001-2015 йилларда молия тизимида турли лавозимларда ишлаган, 2015-2016 йилларда Сирдарё вилояти давлат мулкини ижарага бериш маркази директори ўринбосари, 2016-2017 йилларда Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи, 2017-2020 йилларда Гулистон шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

Жонибек Яриев тайинловга қадар Сирдарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид