Иқтисодиёт | 19:57 / 21.11.2020
19226
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат евробонд орқали жалб этилган қарз маблағларни қандай сарфлайди?

Ҳукумат 20 ноябрь куни иккинчи марта евробондларни жаҳон молия бозорига омадли жойлаштирди. Молия вазирлиги томонидан 10 йиллик муддат билан 555 миллион АҚШ доллари ва 3 йиллик 2 триллион сўмлик евробондлар Лондон фонд биржасига жойлаштирилди.

Бошланғич ставкалар мос равишда 4,25 фоиз атрофида ва 15,25 фоиз атрофида эди, cавдо якунлари бўйича, долларда жалб этилган евробонд учун 3,7 фоиз купон ҳамда сўмдаги маблағлар учун 14,5 фоиз купон белгиланди.

Евробонд нима?

Соддароқ айтганда бу қарз жалб этиш учун молия бозорида ишлатиладиган инструмент ҳисобланади. Биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати 1 миллиард долларга тенг қийматли суверен евробондларни 2019 йил февралда муомалага киритганди. Бунда евробонд мамлакатни дунёга танитиш воситаси, инвестицион лойиҳаларни молиялаш манбаси, барқарор иқтисодий сиёсат юритиш учун замин сифатида кўрилган.

Нега евробондлар молия бозорига яна жойлаштирилди?

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, суверен евробонд орқали янги жалб этилаётган қарз маблағлар 2020 ва 2021 йилда кутилаётган давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун сарфланади.

«747,5 миллион доллар атрофидаги маблағ бюджет тақчиллигини ёпиш бўйича ҳисоб-китобларимизга тўғри келади», — деди у.  

Молиячи эксперт Абдулла Абдуқодировга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг қарори кутилмаганда янгради.

Абдулла Абдуқодиров

«Негаки, халқаро молия бозорида бир нечта мавҳумликлар мавжуд: COVID-19 пандемиясининг оқибатлари ва унинг иқтисодиётга бўлган таъсири ҳақида аниқлик мавжуд эмас. Шунингдек, АҚШда бўлган президентлик сайлови натижаси расман тасдиқланмаган», — деди у.

Абдуқодировнинг айтишича, мамлакат молия вазирлиги томонидан миллий валютада суверен облигацияларни жойлаштириш катта аҳамият касб этади.  

«Эришилган ютуқ шундаки, инвесторлар ўзбек сўмига пул тикди. Демак, улар Ўзбекистон иқтисодиётига, иқтисодий сиёсатига, ўзбек сўми алмашув курсининг стабиллигига, экспорт ва импорт салоҳияти баландлигига ва бошқа бир неча омилларга ишонишади. Бу ишонч мени ҳайратда қолдиради, лекин фактни тан олиш керак. Пул тиккан инвесторлар бундан буёғига иқтисодиётимиз шаънига фақат яхши дуоларни ўқиб ўтиришади», — дея муносабат билдирди молиячи.  

Евробонднинг иккинчи транши нега сўмда амалга оширилди?

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовга кўра, ҳукумат ушбу қарорни обдон ўйлаб кўриб, сиёсат олиб борган.

Одилбек Исоқов

«Инвесторлар томонидан сўм қабул қилиниши учун биринчи халқаро облигациялар чиқарилгандан буён иш олиб борилган. Доимо инвесторлар билан ишлаб, уларга ҳар ой маълумотлар тақдим этиш орқали уларнинг ўзбек сўмига ишончини оширишга муваффақ бўлдик. Нега иккинчи транш ўзбек сўмида амалга оширилди? Чунки ҳар бир давлатнинг қарз портфелида миллий валюта улуши баланд бўлиши керак. Бу валюта хатарларини камайтириш билан ифодаланади. Масалан, миллий валютага нисбатан хорижий валюта курсининг ошиб кетиши қарзлар бўйича харажатларнинг ошиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Шу туфайли, бу хорижий молия бозоридан ўзбек сўмида кўпроқ қарз жалб этиш учун биринчи қадам бўлди», — дея қайд этди Исоқов.

Молиячи Отабек Бакировнинг ёзишича, бозордаги ҳозирги ҳолатдан ва инвесторларнинг рискка кириши эҳтиёткорлиги барибир юқорилигича қолаётганидан келиб чиқилса, жойлаштирувни жуда муваффақиятли ўтган, деб аташ мумкин.

«Умид шуки, еврооблигациялар жойлаштирувидан тушган маблағлар бюджет харажатларини қоплашга йўналтириладими ёки танланган лойиҳаларни молиялаштиришгами, юқори даражадаги дисциплина ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратилади», — деб ёзган у.

Евробондлардан тушган маблағлар қаерга сарфланади?

Одилбек Исоқовга кўра, аввало қарз маблағлар давлат бюджети тақчиллигини ёпиш учун сарфланади. Шунингдек, сўмда жалб этилган пуллар БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида белгиланган лойиҳаларга сарфланади.

«15та янги мактаб, 3та янги шифохона, 200 кмдан ошиқ ичимлик суви ва канализация тизимларини барпо этиш, 300 кмга яқин автомобиль йўлларини қуриш (айниқса Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида), ундан ташқари, аёллар ва ногиронлиги мавжуд аёлларга молиявий кўмак беришни назарда тутувчи дастурларни молиялаш ва шу каби мақсадларга 2 триллион сўм ишлатилади», — дейди Одилбек Исоқов.

Молия вазири ўринбосарининг Kun.uz’га маълум қилишича, долларда жалб этилган маблағларнинг барчаси давлат бюджети тақчиллигини ёпиш ҳамда ипотека лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида банкларга жойлаштирилади.

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид