Жамият | 11:08 / 21.11.2020
16235
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Malibu’дан ноодатий гиёҳвандлик воситаси топилди

2020 йилнинг 12 ноябрь куни соат тахминан 20:30да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари Чилонзор тумани 19-мавзеда хизмат олиб бораётган вақтида “Истанбул” дўкони олдида фуқаро 30 ёшли Ойбек Д. Malibu русумли автомашинада ўзини шубҳали тутганлиги сабабли унинг ёни ва бошқарувидаги автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, автомашина олд йўловчи ўриндиғида полиэтилен пакет ичида кўк рангли кукунсимон модда ва 5 дона ҳар хил рангли пластмасса найчалар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суд-кимёвий экспертиза хулосасида фуқаро Ойбек Д.дан олинган модда таркибида гиёҳванд восита “пирролидиновалерофенон” мавжуд бўлиб, унинг оғирлиги 0,25 граммни ташкил этиши, 5 дона пластмасса найчаларда ҳам “пирролидиновалерофенон” излари борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ТБ томонидан Ойбек Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Ойбек Д. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид