Жаҳон | 13:07 / 22.11.2020
80686
20 дақиқада ўқилади

Асрнинг сирли қотиллиги – Жон Кеннеди ўлими ортида ким турганди?

Бундан роппа-роса 57 йил муқаддам – 1963 йил 22 ноябрда Даллас шаҳрига (Техас штати) сафари чоғида АҚШнинг 35-президенти Жон Фицжеральд Кеннеди отиб ўлдирилади. Ушбу воқеага кўчанинг икки тарафи бўйлаб президентни кўриш ва олқишлаш учун чиққан юзлаб инсонлар гувоҳ бўлишади. Ҳодисани ўша ерда бўлган ўнлаб журналистлар тасвирга олишди. Шу тариқа, ушбу воқеа бутун дунёда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлади.

Фото: Getty Images/Bettmann

Қуйида мазкур қотилликка ким ёки кимлар буюртма бергани борасидаги энг машҳур 10та фараз кўриб чиқилади.

Ўша куни нима бўлганди?

Ўша куниёқ шаҳар полициясига келган қўнғироқ асосида асосий гумонланувчи сифатида Ли Ҳарви Освальдни қўлга олишади. Шунингдек, уни йўлда тўхтатган полициячини ўлдиришда ҳам гумон қилишади. Бироқ Освальд ушбу айбларни тан олмайди. Орадан 3 кун ўтиб – 24 ноябрда Освальд полиция ва журналистлар кўз ўнгида шаҳар қамоқхонасидан округ қамоқхонасига ўтказилаётган бир вақтда Далласдаги тунги клублардан бирининг эгаси Жек Руби томонидан отиб ўлдирилади. Эътиборли томони, бу ҳодиса тўғридан тўғри эфир намойиши вақтида содир бўлади.

Шундан сўнг президентлик лавозимига киришган вице-президент Линдон Жонсон томонидан АҚШ Олий суди раҳбари Эрл Уоррен бошчилигида президент Кеннеди ўлими сабабларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилади. Мазкур комиссиянинг 10 ойлик фаолияти натижасида қотиллик жиноят пайтида ёлғиз ҳаракат қилган Ли Ҳарви Освальд томонидан амалга оширилган, деган расмий хулосага келинади. Жек Руби эса президентнинг ўлими учун қасос олганини ва Жаклин Кеннедининг ғамини бироз аритиш учун Освальдни ўлдирганини айтади. Бироқ кейинчалик Кеннедининг ўлими билан боғлиқ фитна назариялари ва ҳатто Освальднинг бу қотилликка дахли йўқ экани тўғрисида бир-бирига қарама-қарши турли тахминлар кўпайиб кетади. Гарчи орадан ярим асрдан кўпроқ муддат ўтганига қарамай, ҳалигача америкаликларнинг камида 60 фоизи Кеннеди ўлимининг бош айбдорлари топилмаган, деб ҳисоблайди.

Америка журналистлари, прокурорлар ва ҳуқуқ фаоллари бир неча йил давомида Кеннедининг ўлдирилиши, шунингдек, бу қотиллик ортида ким тургани бўйича мустақил суриштирувлар олиб боришди. Бу борада 600дан ортиқ китоб чиққани, бир қанча ҳужжатли фильмлар яратилгани ҳам бу фикрнинг далилидир.

Баъзи тахминларга қараганда, қуйидагилардан бири ёхуд бир нечтаси президент Кеннедига қарши қилинган суиқасднинг ортида турган бўлиши мумкин.

1. Совет иттифоқи

Ли Ҳарви Освальднинг ўлдирилиши (Фото: Bob Jackson / Dallas Times-Herald / AP)

Совуқ уруш даврида бир-бирига ашаддий рақиб бўлган АҚШ ва совет иттифоқи содир бўлган кичик кўламдаги ҳалокатларни ҳам душман тарафдан кўриши одатий ҳол ҳисобланарди. АҚШ президентининг ўлдирилиши эса, табиий равишда, халқаро муносабатлардаги глобал етакчилик учун асосий рақиб бўлган совет иттифоқи, жумладан, унинг хавфсизлик, ташқи ва ички разведка учун масъул бўлган муассасаси – КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)нинг Ғарб матбуотида айбланишига олиб келади. Бунга Ҳарви Освальднинг бир қанча муддат совет иттифоқида бўлгани ва у ерда СССР фуқаросига уйлангани ҳам муайян таъсир кўрсатганди. Освальд қўлга олинганидан сўнг сўроқ қилинганида совет иттифоқида бўлгани туфайли айбни унга юклашаётганини айтганди.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, советлар томони бу суиқасддан умуман манфаатдор бўлмаган. Чунки советларнинг АҚШ президенти суиқасдини уюштириши бутун дунёни ўзига қарши қилиб қўйишга олиб келарди. Ҳатто Кеннеди ўлдирилганидан сўнг совет раҳбариятида бу воқеа СССРга қарши уруш бошлаш учун Ғарбдаги ҳукмрон кучларнинг баҳонаси бўлиши мумкин, деган тахмин юзага келади.

2. Вице-президент Линдон Жонсон

Линдон Жонсон Жаклин Кеннеди билан

Турли сўровномаларга қараганда, ҳалигача америкаликларнинг тахминан 20 фоизи вице-президент Линдон Жонсонни Кеннедининг ўлими ортида турган шахс деб ҳисоблашади. Жонсонни айбловчилар бунга асосий сабаб сифатида вице-президентнинг Кеннедиларни умуман ёқтирмаганини ва 1964 йилда бўладиган сайловда Кеннеди ғалаба қозонса, уни вице-президентликка қўймоқчи бўлмаганлигини кўрсатишади. Бундан ташқари, манбалар Жонсоннинг Ли Ҳарви Освальднинг қотили бўлган Жек Руби билан танишлигига ишора қилади.

Жек Руби

Бир қанча журналистлар Жонсонни Кеннедига қарши шаклланган «Даллас олигархияси, МРБ, ФҚБ (Федерал қидирув бюроси) ва Махфий хизматнинг маҳаллий бўлимларини ўз ичига қамраб олган» фитнанинг етакчиси сифатида кўрсатишади.

Бундан ташқари, кўплаб манбаларда вице-президент Жонсоннинг Жон Кеннеди билан муносабатлари ёмон бўлгани қайд этиб ўтилган. Жаклин Кеннеди, Кеннедининг Оқ Уйдаги шахсий котибаси Эвелин Линкольн, Жонсоннинг маъшуқаси Мадлен Браун, президент Никсон ҳамда бошқа кўплаб одамлар вице-президентнинг қотилликка алоқадорлиги тўғрисида гапиришган.

3. Марказий разведка бошқармаси (МРБ)

Освальднинг МРБ билан ишлагани ёки бу иш ортида МРБ тургани тўғрисидаги фикрлар гарчанд «Уоррен комиссияси» ва Жон Кеннеди ҳамда Мартин Лютер Кинг ўлими борасида тергов ўтказиш учун тузилган АҚШ Вакиллар палатаси қўмитаси (1976-1979) томонидан рад этилган бўлса-да, лекин қотиллик ортида махсус хизматлар, жумладан, МРБ тургани тўғрисида матбуотда бир қанча шов-шувли маълумотлар ҳам мавжуд.

1995 йилда АҚШ армияси разведкаси собиқ офицери ва Миллий хавфсизлик агентлиги ходими Жон Ньюман Кеннедига қарши яширин операцияни Кубада Кастро тузумини ағдариш учун ташкиллаштирилган исён муваффақиятсиз якунланганидан сўнг МРБ директорлигидан Кеннеди томонидан олиб ташланган Аллен Даллес раҳбарлиги остида кечганини тахмин қилади. Қизиғи шундаки, Даллес «Уоррен комиссияси»га аъзо бўлиб кирган эди.

Баъзи манбаларга қараганда, нисбатан очиқ феълли бўлган Кеннеди бўлажак сайловларда ғолиб чиққанидан сўнг МРБ фаолиятини махсус текширувдан ўтказишни режалаштирган. Шунинг учун ҳам доим «соя»да қолишни хуш кўрувчи МРБ раҳбарияти текширувда қисман ноқонуний маълумотларнинг жамоатчиликка маълум бўлишининг олдини олиш учун «президентга қарши фитнага қўшилган» деган қарашлар ҳам мавжуд.

4. ФҚБ директори Эдгар Гувер

Орқа фонда Жон Эдгар Гувер

Яна бир кенг тарқалган фаразлардан бирига кўра, суиқасд ортида АҚШ Федерал қидирув бюроси – (Federal Bureau of Investigation – FBI) директори Жон Эдгар Гувер турган бўлиши мумкин. 1924 йилда ФҚБнинг ўтмишдоши – Қидирув бюроси (Bureau of Investigation) директорлигига келган Гувер 1935 йилда ташкилотнинг Федерал қидирув бюроси сифатида қайта ташкил этилишида муҳим рол ўйнайди ва уни 1972 йилда вафот этгунига қадар бошқаради. Деярли ярим аср – 47 йил давомида тўхтовсиз равишда, нақд 8 нафар президент бошқаруви остида мамлакат ички хавфсизлигига жавобгар бош муассаса директори бўлган, на оила ва на фарзандларга эга Гувер ҳаётининг мазмуни иши (эҳтимол, раҳбарлик курсиси) бўлган.

1962 йилда Аллен Даллес МРБ раҳбарлигидан олиб ташланганидан сўнг кўпчилик навбат Гуверга келгани тўғрисида шубҳа қилмай қўйганди. Шу нуқтайи назарлардан келиб чиқиб, баъзи журналистлар ва тарихчилар Гуверни суиқасдни уюштирган бош субъект сифатида талқин қилишади.

Шунингдек, «Уоррен комиссияси» хулосаларига президент ўлими бўйича терговни бевосита олиб борган ФҚБнинг, демакки, унинг директори Эдгар Гувернинг ҳам таъсири катта бўлган.

Кейинчалик, Америка матбуотида Гувер ФҚБ юрисдикциясини кўп бора бузгани ва ҳаттоки ўз ходимлари орқали сиёсий раҳбарлар тўғрисида муҳим маълумотлар тўплаб боргани ҳамда бу маълумотлардан президентларга босим ўтказиш учун фойдалангани тўғрисида материаллар чоп этилган. Ҳаттоки АҚШнинг 1969-1974 йиллардаги президенти бўлган Ричард Никсон 1971 йилда кичик доирада Гуверни ишдан ололмаслигининг сабабларидан бири сифатида ФҚБ директорининг унга нисбатан тазйиқ ўтказиши мумкинлигини кўрсатганди.

5. Ҳарбий-саноат комплекси

1961 йил 17 январда АҚШ президенти генерал Дуайт Эйзенхауэр ўз лавозимини тарк этишидан олдин қилган хайрлашув нутқида халқни ҳарбий-саноат комплексининг қудрати ошиб бораётганидан огоҳлантирган, ҳукумат ишларида унинг ножоиз таъсиридан эҳтиёт бўлишга чақирганди.

Ҳарбий-саноат комплекси – бу мамлакат қуролли кучлари ва уни таъминловчи мудофаа саноати (жумладан, хусусий корпорациялар) ўртасидаги норасмий иттифоқ бўлиб, у давлат сиёсатига таъсир кўрсатадиган манфаат сифатида қаралади. Ҳукумат ва мудофаа корпорациялари ўртасидаги ушбу алоқанинг етакчи омили шундан иборатки, ҳар икки томон ҳам бундан фойда кўради – бири ҳарбий қурол-яроғларни олади, иккинчиси эса уларни сотиш эвазига яхшигина маблағни қўлга киритади.

1960-йиллар бошида Вьетнамда ҳарбий-сиёсий можаролар жуда авж олган бўлиб,  АҚШнинг ўз тарафдорларини қўллаб-қувватлаб, ушбу мамлакатга қуролли кучларини олиб кириш масаласи юқори сиёсий доираларда очиқ муҳокама қилинаётган ва сўнгги ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш мамлакат раҳбари ва Олий бош қўмондон – президент Кеннедига боғлиқ бўлиб турганди.

Кўпчиликнинг фикрича, Жон Кеннеди Вьетнамга АҚШ қўшинлари тўғридан тўғри киритилишига қатъий қарши эди, шунингдек, ушбу мамлакатга юборилган ҳарбий маслаҳатчиларни чақириб олмоқчи бўлган. Кеннеди ўлимидан сўнг олий раҳбарлик лавозимига киришган Линдон Жонсон қотилликда вьетнамликларни айблаган, орадан маълум вақт ўтганидан сўнг айнан унинг буйруғи билан ушбу Жануби-шарқий Осиё мамлакатига АҚШ ҳарбийлари оммавий равишда киритилган ва бу Америкада жамоатчилик ҳамда ҳукумат ўртасидаги кучли қарама-қаршиликларга сабаб бўлганди. Бир қанча сиёсий таҳлилчилар ва тарихчиларнинг фикрича, Жонсоннинг Кеннедини вьетнамликлар ўлдиргани тўғрисидаги фикридан мақсад америкаликларни бўлажак урушга руҳан тайёрлаш эди. 

6. Кубаликлар

Инқилобчи Фидель Кастро Кубада чиқиш қилмоқда, 1959 йил 1 январь (Getty)

Кеннеди даврида Кубада Фидел Кастро тузумини ағдариш учун бир қанча ҳаракатлар амалга оширилган ва бу «Кариб инқирози» (Кубада совет иттифоқи ядро ракеталарининг жойлаштирилиши бўйича уруш ёқасига келиб қолган АҚШ-СССР зиддияти)га ҳам олиб келганди. Гарчанд Кубада Кастро тузуми сақланиб қолган бўлса-да, кўплаб америкаликлар учун Куба душман бир давлатга айланади. Шунинг учун Кеннеди ўлимидан сўнг Америка матбуотида қотилликда Куба раҳбарияти, хусусан, Фидел Кастро ҳам айблаб чиқилади.

Қолаверса, 1960 йил Фидел Кастрони жисмонан йўқ қилиш борасида МРБнинг бир неча бор махфий уринишлари тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик матбуотга сиздирилади. Кеннедининг ўлдирилишини эса айримлар Куба раҳбарининг ўзига яраша қасоси сифатида ҳам баҳолайди.

Шунингдек, Кеннеди ўлими бўйича кубаликларга дахлдор яна бир қараш мавжуд. Унга кўра, президентни Кастрога душман бўлган ва АҚШга кўчиб келган кубаликлар ўлдирган бўлиши мумкин. Президент Кеннедининг Кастро тузумини амалда тан олиши АҚШдаги кубалик иммигрантларнинг ҳафсаласини пир қилади ва улар Кеннедини жуда ёмон кўриб қолишади. Ушбу назария тарафдорлари фикрича, агар Кеннеди ўлса, бўлажак президент яна Куба масаласи билан жиддий шуғулланишига ва натижада Кастро тузуми тезда ағдарилишига умид қилинган.

Энг қизиғи шундаки, Кеннеди ўлимида бош гумондор – Ли Ҳарви Освальд ҳам Америкадаги Кастро тузуми тарафдорлари сафида бўлгани тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.

7. Федерал захира тизими

Америкалик таниқли журналист ва сиёсий фитналар бўйича бир қанча асарлар муаллифи бўлган ёзувчи Жим Маррс 1989 йилда нашр этилган «Бир неча томондан ўққа тутиш: Кеннедини маҳв этган фитна» («Crossfire: The Plot that killed Kennedy») номли китобида президент Федерал захира тизими ҳокимиятини чеклашга ҳаракат қилгани ва унинг бу ҳаракатига қарши бўлган кучлар қотилликда рол ўйнаган бўлиши мумкин деган назарияни кўтариб чиқади.

Маррснинг фикрича, Кеннеди имзолаган 11110-сонли буйруқ Федерал захира банкноталарини кумуш сертификатларга алмаштириш йўли билан соҳадаги Федерал захира хизматининг алоҳида ваколатларини Ғазначилик департаменти (АҚШ Молия вазирлиги)га ўтказишни назарда тутган. Соддароқ қилиб тушунтирганда, ўша вақтгача миллиардлаб долларларни тасарруф қилиш билан шуғулланган Федерал захира тизимининг таъсири кескин камайиш хавфи остида қолган. Бу эса ўз навбатида уларнинг даромадлари камайишига ҳам олиб келарди, дейди муаллиф.

Масаланинг қизиқ тарафи шундаки, Кеннедининг ўлимидан 5 ой муқаддам имзоланган ўша қарорнинг ижроси машъум қотилликдан 3 ойча вақт ўтгач, тўхтаб қолади. Яъни Молия вазирлиги кумуш сертификатларни чиқаришни тўхтатади. Бир неча йил ўтиб эса 11110-сонли Буйруқ расман бекор қилинади.

8. Техас нефть магнатлари

Кеннедининг ўлдирилиши ортида турган деб тахмин қилинадиган гуруҳлардан бири сифатида Техас штатидаги нефть соҳаси корчалонларини ҳам кўрсатиш мумкин.

1926 йилдан бери Америкадаги нефть компаниялари жуда катта солиқ имтиёзларига эга бўлиб келарди. Ҳисоб-китобларга қараганда, ўша имтиёзлар Техас нефть магнатларига йилига ўртача 300 миллион доллар (ҳозирги ҳисобда тахминан 1,5 миллиард доллар) даромад келтирган.

Кеннеди президент этиб сайланганидан сўнг унинг асосий мақсадларидан бири солиқ имтиёзларини йўқотиш ва шу орқали келган маблағ ҳисобига ўрта табақанинг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш бўлган.

1960-йиллар бошида МРБда ишлаган Ричард Кейс Нагелл ҳақида ёзувчи Дик Рассел томонидан 1992 йилда қоғозга туширилган «Жуда кўп нарсани билган одам» («The Man Who Knew Too Much») китобида Кеннедини ўлдиришга қаратилган дастлабки режани «Ҳант Ойл» нефть корпорацияси раҳбари Ҳарольдсон Лафайет Ҳант бошчилигидаги магнатлар молиялаштирганини даъво қилади. Сиёсатга ўта қизиқиши билан танилган ҳамда ўта консерватив қарашларни қўлловчи ва бу борада ташвиқот ишларига маблағ аямайдиган миллиардер Ҳарольдсон Ҳант, шунингдек, Клинт Мерчисоннинг эҳтимолий фитна қатнашчилари бўлганликларини Линдон Жонсоннинг маъшуқаси бўлган Мадлен Браун ҳам айтган.

1963 йилда Кеннеди нефть компаниялари учун асосий солиқ имтиёзларини бекор қилишни таклиф этди ва бу йирик нефть бизнеси вакиллари доирасида катта ваҳима уйғотди. Чунки бу ҳолатда нефть компаниялари миллиардлаб долларлардан мосуво бўларди. Лекин Кеннеди ўлдирилганидан сўнг президентликка келган Линдон Жонсон ва ундан кейинги президент Ричард Никсон марҳум Кеннедининг бу таклифини ҳатто кўриб чиқишни ҳам рад этишди.

9. Уюшган жиноий тўдалар (мафия)

Президент ўлдирилиши ортида уюшган жиноий гуруҳлар – мафия турганлиги ёки президентга қарши умумий фитнанинг бир қисми бўлганлиги тўғрисидаги қараш тарафдорлари ҳам бор. Улар Кеннеди президентлиги даврида Бош прокурор бўлган унинг укаси Роберт Кеннеди томонидан уюшган жиноятчиликка қарши кенг ҳаракатлар Америкадаги мафия тизимларига катта зарар келтирганини айтишади. Баъзи журналистларнинг фикрича, мафия президент Кеннедини орадан олиб ташлаш орқали Робертнинг Бош прокурор сифатидаги фаолиятига чек қўймоқчи бўлган.

1960-йиллар бошида Роберт Кеннеди қўл остида уюшган жиноятчиликка, порахўр сиёсий арбобларга қарши кураш учун тузилган бўлимни бошқарган Роберт Блейки 1980 йилда ёзган «Президентни ўлдириш фитнаси» («The Plot to Kill the President») китобида Янги Орлеан шаҳридаги италян мафияси етакчиси Карлос Марчелло суиқасднинг бир қисми бўлгани ва мафияда қотилликни амалга ошириш учун барча восита ҳамда имкониятлар бўлганини таъкидлайди.

Бош прокурор Роберт Кеннедининг саъй-ҳаракатлари билан ниҳоят 1963 йил ноябрь ойида Марчеллога қарши суд бўлади. Лекин президент Кеннеди ўлдирилишидан сўнг Марчелло оқланади ва озодликка чиқади. Карлос Марчеллонинг Освальднинг қотили – Жек Рубининг яқин дўсти саналмиш Далласдаги йирик мафия сардори Жозеф Кампизи билан яқин муносабатлари ҳам бир қанча тадқиқотчиларда жиддий шубҳа туғилишига сабаб бўлган. Эътиборли томони, Руби қамоқхонада вафот этгунига қадар Кампизи доимий равишда уни йўқлаб бориб турган ва баъзида кунига 20 марталаб Янги Орлеанга қўнғироқ қилган.

10. Миллиардер Аристотел Онассис

Жаклин Кеннеди 1968 йилда Аристотель Онассис билан турмуш қуради

Келиб чиқишига кўра грек бўлган ва денгиз транспорти, кит овчилиги, авиация, меҳмонхона бизнеси, олтин ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолияти билан шуғулланган айёр ва устомон миллиардер Аристотел Онассис (уни кўпчилик Ари деб атаган) юқори сиёсий доираларга яқин бўлишга интиларди. Жумладан, Буюк Британия собиқ бош вазири Уинстон Черчилл ҳам миллиардернинг улкан яхтасида 8 бор меҳмон бўлган ва айнан унинг 1958 йилда АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйган сенатор Жон Кеннедини Онассис кемасига меҳмондорчиликка таклиф қилиши Аристотел Онассисга Жаклин Кеннеди билан шахсан танишишга имкон яратади.

Кўпчиликнинг фикрича, ўша оқшомда Ари АҚШнинг бўлажак биринчи хонимини ёқтириб қолади. 1963 йил августда Жаклин Кеннедининг синглиси Ли Радзивилл уни Арининг Ўрта Ер денгизидаги кемасига бироз дам олиш учун таклиф қилган. Миллиардер тўғрисида биографик асар ёзган Френк Бредининг таъкидлашича, «Кемада ҳақиқатан ҳам содир бўлган ҳодиса Аристотель Онассиснинг АҚШ биринчи хонимини севиб қолгани бўлди».

АҚШ президентининг котибаси бўлган Эвелин Линкольннинг китобида ёзилишича, Жаклин Кеннедининг миллиардер яхтасида дам олаётгани тўғрисидаги турли миш-мишлар матбуотга сизиб чиққач, Жон Кеннеди қаттиқ ғазабланади ва хотинига қўнғироқ қилиб, «халқаро қароқчи» Онассиснинг яхтасини ташлаб, тезда Вашингтонга қайтишни буюради.

Эрининг ўлимидан сўнг Жаклин Кеннеди икки боласи билан бирга Манҳэттенда бешинчи авенюдаги уйида яшай бошлайди. Аристотел Онассис уни тез-тез йўқлаб туради. 1968 йилда Жаклин ўзидан нақ 23 ёш катта бўлган Онассис билан турмуш қуришга қарор қилганини Кеннедилар оиласига айтади. Бундан, айниқса, собиқ биринчи хонимнинг қайноғаси 1968 йилги президентлик сайловига ўз номзодини қўйган Роберт Кеннеди жиддий норози бўлади. Аммо 1968 йил 5 июнда Лос-Анжелесда Роберт Кеннеди асли фаластинлик Сирхан Бишар Сирхан томонидан отиб ўлдирилади. Қотилликдан 5 ойдан кўпроқ вақт ўтиб эса 20 октябрда Жаклин билан Арининг тўйи Иония денгизида жойлашган миллиардерга қарашли Скорпиос оролида бўлиб ўтади. Тўй ҳақидаги хабардан сўнг Америка матбуотида Аристотел Онассиснинг президент Кеннеди, шунингдек, унинг укаси Роберт Кеннедининг ўлими ортида турган шахслардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида шов-шувли мақолалар ва ҳатто китоблар ҳам ёзила бошлайди. Бунга асос сифатида журналистлар миллиардернинг 1960 йилда, яъни у Жаклин Кеннеди билан танишганидан 2 йил ўтиб, хотини Афина Ливанос билан ажрашганини кўрсатишади.

Эҳтимол, Аристотел Онассис Жаклин Кеннедига дўстлик ёки севги сабабли, балки ўз номини тарихда қолдириш мақсадида уйлангандир. Лекин бу никоҳ уни Кеннедининг ўлими билан боғлиқ гумондаги шахслар рўйхатига қўшгани рост.

Балки 1968 йилда Роберт Кеннеди ўлдирилмаганида ва у президент этиб сайланганида Жон Кеннедининг ўлими ортида турган шахс ёки шахслар тўғрисидаги баъзи тахминий фикрлар бўлмаслиги мумкин эди. Чунки ўз акаси қотилларини топиш учун Роберт қўлидан келганини қилиши деярли аниқ эди. Эҳтимол, у шунинг учун ўлдирилгандир?

Жаҳонгир Акрамов тайёрлади

Мавзуга оид