Жаҳон | 23:58 / 23.11.2020
6695
4 дақиқада ўқилади

Оксфорд луғати бирваракайига 16та сўзни “йил сўзи” деб топди  

Йил сўзини танловчи Оксфорд луғати якунланиб бораётган 2020 йил учун хос бўлган ягона бир сўзни танлай олмади. Луғат жорий йилда сайёрамиз аҳолиси ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган кўплаб ҳодисалар юз бергани туфайли бирваракай 16та сўзни “йил сўзи” деб эълон қилди. 

Фото: Caleb Jones/Associated Press

Луғат муҳаррирларининг таъкидлашича, 2020 йил “бир сўз билан таърифлаб бўлмайдиган йил экани бошиданоқ аён бўлганди”.

Луғат йил сўзи ҳақидаги анъанавий маъруза ўрнига йилнинг ўтган ҳар бир ойи учун хос бўлган 16та сўздан иборат “2020. Мисли кўрилмаган йил сўзлари” деб номланган маърузани эълон қилди. Луғат мутахассислари ҳар бир ой учун қўлланиши максимал даражага етган биттадан учтагача сўзни танлашган. 

2020 йил учун танланган сўзлардан аксарияти пандемия билан боғланган бўлиб, улар “коронавирус”, “COVID-19”, “локдаун”, “ижтимоий масофалашув”, “қайта очилиш” (reopening, локдаундан кейин ресторанлар, дўконларнинг очилиши назарда тутилган), Moonshot (Британияда киритилмоқчи бўлган оммавий тестлаш дастури) ва “супер-тарқатувчи” (вирусни кўплаб одамларга юқтирувчи шахслар) сўзларидир.   

Шунингдек, “йил сўзлари” орасида сиёсат билан боғланган сўзлар ҳам талайгина. Мисол учун, АҚШ президенти Доналд Трамп импичменти иши кўрилган январ ойи учун “импичмент”, Трамп ушбу иш бўйича оқланган феврал ойи учун “оқлаш” сўзлари танланган. Шунингдек, Black Lives Matter (Қора танлилар ҳаёти муҳим), “бекор қилиш маданияти” (cancel culture, сўзлари ёки ҳаракатлари номақбул деб топилган таниқли шахсларни танқид қилиш, бойкотлаш ва қўллаб-қувватламаслик), BIPOC (Black, Indigenous and People of Color, қора танлилар, туб аҳоли вакиллари ва бошқа оқ танли бўлмаганларни билдирувчи қисқартма сўз), “почта орқали”( mail-in, жорий йилда АҚШдаги президент сайловлари вақтида оммалашган ибора), “беларусча” (Беларусдаги президент сайловларидан кейин бошланган намойишлар билан боғланган) сўз ва иборалар ҳам “йил сўзлари” сифатида эътироф этилган. 

Бундан ташқари, луғат мутахассислари жорий йил бошида Австралияда юз берган ўрмон ёнғинлари билан боғланган “ўрмон ёнғини” (bushfire) ва Хитойнинг атроф-муҳитга ис газларини чиқаришни тўхтатишга ва 2060 йилгача уларнинг миқдорини нол даражага етказишга берган ваъдаси билан боғланган “нол чиқинди” (net zero) иборасини “йил сўзлари” сифатида танлаб олишган.      

Луғат ҳозирча ноябр ва декабр ойларига хос бўлган сўзларни танламади.

Қуйида ҳар бир ойда аҳамият касб этган сўзлар келтирилган: 

Январ – Bushfire (ўрмон ёнғини), Impeachment (импичмент)  
Феврал – Acquittal (оқлаш)
Март – Coronavirus (коронавирус)
Апрел – COVID-19, Lockdown (локдаун), Social Distancing (ижтимоий масофалашув)
Май – Reopening (қайта очилиш) 
Июн – Black Lives Matter
Июл – Cancel culture (бекор қилиш маданияти), BIPOC 
Август – Mail-in (почта орқали), Belarusian (беларусча)
Сентябр – Moonshot
Октябр – Superspreader (супер-тарқатувчи), Net zero (нол чиқинди) 

Аввалроқ Collins луғати йил сўзи сифатида “локдаун” сўзини эълон қилганди.

Мавзуга оид