Ўзбекистон | 20:31 / 24.11.2020
55378
2 дақиқада ўқилади

Президент йиғилишида учта туман ҳокимини ишдан олишга кўрсатма берилди

Президент тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда Бухоро вилоятининг икки тумани ҳамда Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани раҳбарларини ишдан олиш масаласини қўйди.

«Йиғилишда жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ривожланишдан орқада қолаётган 22та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйган Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар танқид қилинган.

Маълумот учун, Бухоро туманига 2019 йил мартидан буён Қаҳрамон Бозорович Дустов раҳбарлик қилиб келаётганди.

Жондор туманига 2018 йил мартида Камол Рўзиевич Камалов ҳоким бўлганди. 2020 йилннг октябрида Жондор тумани президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 33та «қониқарсиз» туманнинг бири сифатида тилга олинган, кейинроқ Камол Камолов ўзгаришга ваъда бериб, «қониқарсиз» туман учун аҳолидан узр сўраганди. 2020 йил ноябрь ойи бошида эса Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб бергани ҳақида маълум қилганди. 

Сирдарё туманига 2018 йил 16 февралдан буён Алижон Раҳимбердиевич Муҳамадиев ҳокимлик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид