Жаҳон | 20:00 / 03.12.2020
44723
14 дақиқада ўқилади

Сирли француз жаҳонгири. 216 йил аввал Наполеон Франция императори бўлган эди

Бундан 216 йил аввал, 2 декабр куни Наполеон Францияни империя, ўзини император деб эълон қилган эди. Қуйида исм-шарифидаги битта ҳарфдан кечиб итальяндан французга айланган Наполеоннинг аянчли тугаган ҳаёти ҳақида сўз юритилади.

Тарихда жуда кўп саркардалар ўтган. Лекин уларнинг аксариятининг номи унча кўп эсланмайди. Бугун исталган одамга тарихда ўтган машҳур саркардаларни санаб беринг дейилса, у катта эҳтимол билан Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур, Наполеон деб жавоб беради. Македонский, Чингизхон ва Амир Темур давридан кейин ҳозирги даврга нисбатан узоқ вақт ўтган. Наполеон яшаб ўтган даврга эндигина 200 йилдан сал ошди. Юқорида номлари саналган саркардалар орасида Наполеон энг кам танқид қилинади. Балки, бунга у ўз юришларини «французча назокат» билан олиб боргани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аксарият саркардалар ҳаётидан фарқли равишда Наполеон ҳаётининг сўнгги қисми аянчли бўлади. У тахтда ўтирган ҳолида ёки жанг майдонида эмас, балки ватанидан узоқда маҳбусликда вафот этади.

Наполеон – корсикалик итальян

Наполеон Бонапарт 1769 йил 15 августда Ўрта Ер денгизидаги Францияга тегишли Корсика оролидаги Аяччо шаҳрида кичик зодагон оиласида туғилади. Ўша пайтгача Корсикани Генуя республикаси назорат қилар, Наполеон туғилишидан бир йил олдин республика бу оролини Франция қироли Людовик XV’га 40 миллион ливрга сотган эди.

Наполеоннинг аждодлари бу оролга XVI асрда Италиядан кўчиб келишган. Наполеоннинг она тили итальян тилининг Корсика лаҳжаси эди. У француз тилини мактабда ўрганади. Аммо умрининг охиригача французча гапирганида итальян тили оҳанги сезилиб туради.

1779 йилда Наполеон Бриен-ле-Шатодаги кадетлар мактабига ўқишга киради ва артиллерияни қизиқиб ўрганади. 1784 йилда мактабни битириб, Париж ҳарбий мактабида ўқий бошлайди. Бу ерда олинган ҳарбий билим ва кўникмалар Наполеоннинг кейинги ҳаёти давомида асқотади. Ўша йили ўқишни муддатидан аввал тугатиб, де Ла Фернинг артиллерия полкида уч ойлик синовдан муваффақиятли ўтганидан сўнг, кичик лейтенант унвони билан хизматга қабул қилинади. Шу тариқа, Наполеоннинг ҳарбий ҳаёти бошланади.

Наполеон туғма саркарда эди. Турли ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Наполеоннинг тажрибаси ва унга уйғун ҳолда унвони ҳам ошиб боради. 1795 йилга келиб Париж ҳарбий мактабини битирганига ўн йил бўлганида у Франция армияси генералига айланади. Орадан бир йил ўтиб Наполеон граф Богарненинг беваси Жозефинага уйланади. Тўёна сифатида уни Италия шимолига жўнатиладиган армияга қўмондон этиб тайинлашади. Тўйдан кейин у итальян фронтига жўнаб кетади.

Ўша пайтдан бошлаб Наполеон хотини Жозефинага ёзган хатларида ўзининг итальянча «Буонапарте» (Buonaparte) фамилиясини «Бонапарт» (Bonaparte) тарзида ёза бошлайди. Шу тариқа, Корсикадан чиққан итальян, фамилиясидаги битта ҳарфдан кечиб «француз»га айланади.

У Франция армиясига қўмондонлик қилган даврда Италия шимоли, Австрия ва Миср юришларига бошчилик қилади. Миср юришлари Наполеон ҳаётида катта из қолдиради. Наполеоннинг Мисрга юришининг ҳам ўз тарихи бор. Италия шимоли ва Австриядаги ғалабалардан сўнг, Наполеонни Парижга чақириб Буюк Британия оролларини эгаллаш учун жўнатиладиган қўшинга қўмондон қилиб тайинлашади. У эса ҳукуматни Буюк Британияни енгиш учун аввал унинг муҳим мустамлакаси бўлган Мисрни эгаллаш лозимлигига ишонтиради. Шундан кейин Наполеон бошчилигидаги қўшин Мисрга отланади.

1798 йил 19 майда 35 минг ҳарбийдан иборат қўшин Тулон шаҳридан кемаларга ўтириб Миср томон йўлга чиқади. Июлда Миср забт этилади. Ўша йил кузгача Наполеон Яқин Шарқда бир неча жанг ўтказади ва ғалаба қозонади ҳамда Парижга Шарқни истило қилган саркарда сифатида қайтади.

Наполеон Мисрдан қайтган пайтда Франция ҳукуматида инқироз юзага келади. Натижада, Конституция янгиланади ва Наполеон Франциянинг ўн йиллик консули лавозимига тасдиқланади. Наполеон Франция раҳбари бўлганида бу давлат Буюк Британия ва Австрия билан уруш ҳолатида эди. Франция ҳукуматида инқироз бўлиб турган пайтда Австрия Россия ёрдамида шимолий Италияни қайтариб олади. Наполеон Италияга қўшин жўнатади ва унинг шимолий қисмини қайта эгаллайди. Аммо жанг-жадаллар ҳамманинг жонига теккан эди. Шунинг учун 1801-1802 йилларда аввал Австрия билан сўнг Германия билан кетма-кет иккита сулҳ тузилади.

Наполеон консул бўлганидан сўнг Францияда монархия бошқарувини мустаҳкамлаб боради. Дворянларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилади.

1802 йилда Наполеон Сенатга ўзини умрбод консул этиб тасдиқлатиб олади. Орадан икки йил ўтиб 1804 йилда Сенат янги Конституцияни тасдиқлайди. Унга кўра Франция империя, Наполеон эса император деб эълон қилинади. 1804 йил 2 декабр куни Наполеонга император сифатида тож кийдириш маросими бўлиб ўтади.

1805 йилда Россия, Буюк Британия, Австрия, Неапол қироллиги ва Швеция Францияга қарши ҳарбий коалиция тузишади. Ўша йил 2 декабрда француз қўшинлари Аустерлиц ёнидаги жангда Россия ва Австриянинг бирлашган қўшинларини мағлубиятга учратади. Шундан сўнг бирин-кетин аввалига Неапол қироллиги, сўнг Нидерландия қироллиги, Германиядаги тарқоқ князликлар Наполеон ҳукмронлиги остига ўтади. Орадан бироз ўтиб Наполеон Шарқий Пруссия ва Польшани ҳам қўлга киритади.

Европанинг материк қисмида катта ҳудудларни босиб олганига қарамай, Наполеон денгиз жангларида Буюк Британияга ютқазаётган эди. У ўз иттифоқчилари билан Буюк Британияни денгиздан қамал қилади. Нидерландия, Дания, Германия инглиз кемалари учун ўз портларини ёпади. Натижада Британия иқтисодиёти жуда катта зарар кўра бошлайди. Айниқса, Тильзит тинчлик сулҳидан кейин бу қамалга Россиянинг ҳам қўшилиши инглизлар учун жуда оғир вазиятни юзага келтиради.

1807 йилда Испаниянинг қўллаши билан Франция Португалиядан Британияни иқтисодий қамал қилаётганлар томонига ўтишни сўрайди. Португалия рад этади. Шундан сўнг Наполеон бу мамлакатни ҳам босиб олади. Орадан бироз ўтиб Наполеон Испанияни ҳам бўйсундиради. 1809 йилда Австрия забт этилади.

Наполеон Франция ҳукмдори бўлган йилларида ўтказган ислоҳотлари, дворянларга мулкларини ва имтиёзларини қайтариб бериши олдинига кўпчиликка маъқул келади. Шунингдек, турли урушларда қозонилган ғалабалар ортидан келган ўлжалар ҳам аҳолини хурсанд қилади. Аммо Россияга қилинган юришнинг муваффақиятсиз чиқиши ҳаммасини ўзгартириб юборади.

Россияга юриш ва империянинг қулаши

1810 йилда Наполеон Жозефина билан ажрашганидан сўнг, Россия императори Александр I’дан унинг синглиси Анна Павловнани қўлини сўрайди. Александр I рад этади. Оқибатда, ўртада сулҳ борлигига қарамай Франция ва Россия ўртасидаги алоқалар ёмонлашади. Наполеон Россияни ҳам босиб олишга қарор қилади. 1812 йил июнда французлар билан бирга Европанинг турли мамлакатларидан йиғилган 450 минг нафар ҳарбий Россия чегарасини кесиб ўтади. Уларга қарши жангларда Россиянинг 193 минг аскари қатнашади. Россияга бостириб кирар экан, Наполеон аввал Москвани забт этишни хоҳлайди. Унинг қўшинлари пойтахт Санкт-Петербургга эмас, Москвага қараб ҳаракатланади. Узоқ масофа, ёзнинг сернам иссиғи, турли касалликлар Наполеон армиясини ҳолдан тойдиради.

Ўша йил 7 сентябрда Москва яқинидаги Бородино қишлоғи ёнида Наполеон қўшинлари билан Россия армияси ўртасида асосий жанг бўлиб ўтади ва унда русларнинг қўли баланд келади. Аммо французларга етиб келган қўшимча ёрдам русларнинг чекинишига сабаб бўлади. 14 сентябрда Наполеон ўз армияси билан Москвага киради. Французлар Москвани аввал роса талашади, сўнг унга ўт қўйишади. Бутун шаҳар олов ичида қолади.

Россия императоридан сулҳ таклифини кутган Наполеон Москвада октябрнинг ўрталаригача қолиб кетади. Сулҳ таклифи бўлмаганидан сўнг у 19 октябрда жанубий-ғарбий йўналиш бўйлаб ортга қайтади. Ноябрнинг ўрталарида Наполеон ўз қўшини билан Смоленскка етиб келади. Бу ердан армия учун озиқ-овқат топа олмаган император тўхтамасдан юришда давом этади. Россиянинг совуқ об-ҳавоси, таъминотнинг йўқлиги французларни батамом ҳолдан тойдиради. Аскарларнинг кўпи совуқдан ва очликдан ҳалок бўлади. Наполеон Францияга қайтганида унинг Россияга борган 450 минг аскаридан 25 минг киши қолгани маълум бўлади.

Наполеоннинг Россияда енгилиши Европада унинг обрўсини тушириб юборади ва у ҳақда «енгилмас саркарда» деб тарқалган гап-сўзлар оддий миш-миш экани ойдинлашади. Шундан сўнг Наполеон босиб олган аксарият давлатларда озодлик ҳаракатлари бошланади. Бунинг устига Россия армияси ҳам французларни таъқиб қилиб бораверади.

1814 йил 23 январда Наполеон император сифатида ўзининг сўнгги қабулини ўтказиб жангга отланади. 3 апрелда Сенат Наполеонни тахтдан четлатиб унинг ўрнига Талейранни вақтинча мамлакат раҳбари деб эълон қилади. 6 апрел куни Фонтенбло саройида Наполеон тахтдан воз кечади.

20 апрелда Наполеон Ўрта Ер денгизидаги Эльба оролига жўнаб кетади. Фонтенбло келишувига кўра Франциянинг янги ҳукумати мазкур оролни Наполеонга мулк сифатида беради ва унга ғазнадан ҳар йили 2 миллион франк маош тўлаш белгиланади. Эльба оролида Наполеон онаси ва синглиси билан яшайди. Хотини Мария-Луиза ўғли билан отаси – Австрия императори Франц I олдида, Венада қолади. Бу пайтга келиб Жозефина вафот этган эди.

Сўнгги уриниш

1815 йил 26 февралда Наполеон Эльба оролидан яширинча чиқиб ўзининг 1 000 нафар содиқ аскари билан Канн яқинидаги Жуан кўрфазига тушади ва Париж томон ҳаракатланади. Наполеоннинг қайтаётганини эшитган тарафдорлари йиғила бошлайди. Шу тариқа, унинг қўл остида 125 минг аскар тўпланади.

Наполеоннинг катта қўшин билан Парижга қайтганини эшитган иттифоқчилар унга қарши 600 минг кишилик армияни жўнатади. Кичик тўқнашувларда унинг қўли устун келган бўлса ҳам, 18 июнда Ватерлоо қишлоғи ёнида бўлиб ўтган асосий жангда Наполеон армияси иттифоқчилар армиясидан енгилади. Наполеон иккинчи марта ҳокимиятдан воз кечади. Буюк Британия Наполеонга сиёсий бошпана таклиф этади. Инглизлар билан келишувга кўра у Экс ороли яқинида инглиз кемасига чиқиши лозим эди. Наполеон кемага чиқади, аммо Британия вазирлар кенгаши Наполеонни асирга олиб, уни Атлантика океанидаги Авлиё Елена оролига сургун қилиш ҳақида қарор қилади. Бу ҳақда билган Наполеон «Бу Темурлангнинг қафасида юришдан ҳам ёмон» дейди. Наполеонга ҳамроҳ сифатида бир неча зобитларни олишга имкон беришади. Унга жами 26 киши ҳамроҳлик қилади.

Оролда Наполеонни қаттиқ қўриқлашади. Орол коменданти ўзаро келишмовчилик туфайли Наполеонга орол бўйлаб сайр қилишга рухсат бермай қўяди. Натижада у камҳаракат бўлиб қолади ва соғлигида муаммолар юзага кела бошлайди. 1818 йилда Наполеоннинг соғлиги ёмонлашади. Оролга унинг онаси томонидан юборилган врач келади. У Наполеонга ҳеч қандай ёрдам бера олмайди. 1821 йил 5 май куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг Наполеон вафот этади. Уни оролда дафн этишади. 1840 йилда Наполеон жасадининг қолдиқларини олиб бориб Париждаги Уруш ногиронлари уйида дафн этишади. Ўшанда императорни сўнгги йўлга кузатиш учун шаҳар кўчаларига миллионлаб одам чиқади.

Наполеон ва аёллар

Наполеоннинг ҳаётида аёллар кўп бўлган. Улардан энг асосийлари Наполеоннинг биринчи хотини Жозефина, иккинчи хотини Мария-Луиза Австрийская, польшалик Мария Валевская ва илк хуштори Дезире Клари бўлган.

Улар орасида Жозефина Наполеон ҳаётида муҳим ўрин тутган. Наполеон Жозефинани жуда қаттиқ севган. Аёл эса Наполеонга бефарқ бўлган ва ҳар доим унга хиёнат қилган. Охир-оқибат Наполеон у билан ажрашган.

Наполеон Дезири Клари билан Жозефинага уйланмасдан аввал таниш бўлган. Унга уйланмоқчи бўлиб юрган чоғида Жозефина билан танишади ва  Клари қолиб унга уйланади.

Жозефина билан ажрашгандан сўнг 1810 йилда Наполеон Австрия маликаси Мария-Луиза Австрийскаяга уйланган. 1811 йилда у Наполеондан ўғил кўради. Наполеон Россияда мағлубиятга учрагандан сўнг Мария-Луиза Австрийская ўғли билан Венада қолади. Кейинчалик Наполеоннинг вафотидан сўнг у бошқа одамга турмушга чиқади.

Мария Влевская – польшалик зодагоннинг қизи, Наполеоннинг севимли хуштори бўлган. Наполеон Польшани забт этганда Мария Влевская билан танишади. Мария Наполеон билан танишгунга қадар турмушга чиққан ва бир нафар фарзанди бор эди. Улар орасидаги «севги қиссаси» ортидан Мария ҳомиладор бўлади ва ўғил фарзанд кўради. Унга Александр Жозеф Флориан деб исм қўйишади. Гарчи, улар ўртасидаги алоқалар никоҳ орқали боғланмаган бўлса ҳам, Мария Наполеон билан у Авлиё Елена оролига сургун қилингунича учрашиб туради. Мария Влевская 1817 йилда вафот этган.

Наполеон ҳақида қизиқарли маълумотлар

Наполеон ёзувчи бўлмайди. Аммо у роман ёзган.

Маҳоратли саркарда бўлишдан ташқари у моҳир математик ва шахмат устаси бўлган.

У Франция фанлар академиясининг академиги эди.

16 ёшидан ҳарбий хизматни бошлаган Наполеон 24 ёшида генерал, 35 ёшида Франция императори бўлади.

Наполеон дақиқасига 2000та сўз ўқий олган.

Рақиблари Наполеонни камситиб «корсикалик пакана» деб аташган. Унинг бўйи 169 сантиметр бўлган.

Наполеон аждодлари италияликларга бориб тақалади.

Наполеон адабиёт ва санъатда

Наполеон ҳақида юз минглаб тарихий тадқиқот ишлари бор. Шунингдек, у ҳақда наср ва назмда ҳамда драматургияда кўплаб бадиий асарлар ёзилган. Ўзбек адабиётида ҳам Наполеон ҳақида шеърларда, насрий асарларда эсланган.

Ватерлоода хато қилди Наполеон -

Жаҳонгирнинг шу кун қайтди омади.

Мана ўтса ҳамки неча бир замон,

У ҳақда гапирмаган одам қолмади.

Юқоридаги сатрлар атоқли ўзбек шоири Абдулла Ориповга тегишли.

Шунингдек, Наполеон ҳақида кўплаб кинофильмлар, сериаллар, ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид