Ўзбекистон | 13:23 / 05.12.2020
7810
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ташкил этилди

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 4 декабр куни 959-сон билан “Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси” давлат рўйхатидан ўтказилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, ассоциациянинг асосий мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш, инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Ассоциациянинг ташкил этилганлигини “5 декабрь – Халқаро волонтёрлар куни”га муносиб совға деб ҳисоблаш мумкин, дейилади хабарда. 

Бугунги кунда 80дан ортиқ мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Кўнгиллилар сектори жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагини ташкил этади.

Мамлакатда ҳам волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Унга кўра, волонтёрлик орқали кам таъминланганларга, кўп болали оилаларга, бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш, беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, қарияларни парваришлаш, спорт, маданий ва бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда бошқа усулларда хайрия ишларини амалга ошириш мумкин.

Қонун давлат органларига волонтёрлар (волонтёр гуруҳлар, волонтёр ташкилотлар) билан ижтимоий шериклик тўғрисида шартномалар тузиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш имконини берди.

Мавзуга оид