Атлантика океанидаги оролга улкан айсберг хавф солмоқда
Атлантика океанидаги Жанубий Георгия ороли томон улкан ўлчамдаги айсберг йўналмоқда. Айсберг оролдаги ёввойи табиатга ва миллионлаб пингвинларга хавф солмоқда.
Британия ҳарбий-ҳаво кучлари Британиянинг денгизорти ҳудуди ҳисобланган оролга йўналаётган 4,2 минг квадрат километр майдонга эга муз бўлаги суратини эълон қилди. Олимларнинг фикрича, айсбергнинг орол билан тўқнашиши ундаги ёввойи табиатни йўқ қилиши мумкин.
А68а номи билан маълум бўлган айсберг деярли оролнинг ўзидек келади. У 2017 йил июлда Антарктика яриморолидаги музликдан ажралиб, 3 йилдан кўпроқ вақтдан бери океанда сузиб юрибди. Унинг дастлабки ўлчами 6 минг квадрат километрни ташкил қилган. Айсбергдан майдароқ муз бўлаклари ажралаётгани сабабли у тобора ўз ҳажмини йўқотмоқда.
“Айсберг орол билан қачон тўқнашиши номаълум: бу бир неча кун ёки ҳафта ичида юз бериши мумкин. Чунки айсберг океан оқими билан бирга гоҳ секинлашмоқда, гоҳ тезлашмоқда. Оқимлар муз бўлагини Жанубий Георгиядан у ёки бу томонга олиб кетиши ҳам мумкин. Бироқ у оролнинг жанубий чеккасидан 50 кмдан камроқ узоқликда сузмоқда. Айсберг шундай ҳаракатланишда давом этса, унинг орол билан тўқнашиши муқаррар”, деб айтган Британия Антарктика хизмати мутахассиси Герайнт Тарлинг.
Олимлар айсберг орол яқинидаги саёзликда кўп йилларга қолиб кетиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. Бундай ҳолатда у маҳаллий экотизимга хавф туғдиради ва оролда ҳаёт кечирувчи тюленлар ҳамда 2 млнга яқин пингвинга муаммо бўлиши мумкин. Бунда ушбу жонзотларнинг яқин атрофда озуқа қидириши қийинлашади. Гап шундаки, қирол пингвинлари каби жонзотлар 16 кунгача озуқа қидириб кезиши мумкин. Агар айсберг орол яқинида қолиб кетса, пингвинларнинг озуқа қидириши чўзилиб кетиши ва уларнинг оч қолишига олиб келиши мумкин.
Британия расмий шахсларининг таъкидлашича, A68a, шунингдек, ҳудудда назорат ва балиқчилик ортидан кузатув олиб борувчи ҳукумат кемаларига тўсқинлик қилиши мумкин.
Мавзуга оид
23:55 / 16.12.2024
Дунёдаги энг йирик айсберг яна ҳаракатланишни бошлади
12:00 / 16.06.2024
Евросиё бўйлаб Тинч океанидан Атлантика океанигача – дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари қаерда жойлашган?
23:24 / 27.11.2023
Антарктида яқинида дунёдаги энг катта айсберг ҳаракатлана бошлади
18:24 / 11.10.2023