Ўзбекистон | 17:07 / 14.12.2020
46935
6 дақиқада ўқилади

«Бу – биз учун бир синов» — қариялар уйига сафар

«Бу ерга келганимда ака-укаларим йўқ, деб ёлғон гапирганман. Лекин яширмайман, ака-укам бор, улар ҳаёт, ўзларига тўқ. Меҳр-оқибатимиз йўқолган...»

Тиғиз замонда яшаяпмиз. Ҳар доим нимагадир шошиламиз, режалаштирган ишларимизни тезроқ қилишга ҳаракат қиламиз. Бир вақтнинг ўзида кўп юмушларни бажаришни истаймиз. XXI аср инсонга жуда кўп енгилликларни ҳадя этган бўлса-да, орамиздан меҳр-оқибатни олиб кетгандек.

Бугун меҳр-эътибор танқислашиб бораётгандек назаримизда. Яқинларимизни, ҳатто ота-онамизни йўқлаш, қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашга-да вақт тополмай қоламиз баъзида.

Шу мулоҳазалар билан, куни кеча Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги «Саховат» кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи – халқ тилида қариялар уйида бўлиб, у ердаги турфа тақдир эгалари билан суҳбатлашдик.

«Ўғлим ва келинимга оғирлигим тушмасин дейман»

Эркин Холматов, 66 ёш:

— Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманиданман. Касбим тракторчи, кейин ҳайдовчилик қилдим. Пешонамга ёзилган экан, юролмай қолдим.

Фарзандларни бирлаштириб, иноқ яшашини таъминлаб туришда ота-онанинг ўрни катта экан. Ота-онам вафот этишганидан кейин ака-укаларимиз ўртасида муносабатлар совишни бошлади. Аёлим тириклигида бирмунча яхши эди. Кампирим тирик бўлганида бу ерга келмасмидим...

Бу ерга келганимда ака-укаларим йўқ, деб ёлғон гапирганман. Лекин яширмайман, ака-укам бор, улар ҳаёт, ўзларига тўқ. Меҳр-оқибатимиз йўқолган...

Сабаб? Ногиронлигим бўлса керак. Қўлингиздан иш келса, сизни қадрлашаркан, бўлмаса, ҳеч кимга керагингиз бўлмай қоларкан. Бандасини ногирон қилмасин экан. Бу биз учун бир синов.

Икки қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим Қозоғистонда ишлаб келаман, деб ўша ерда қолиб кетди. 6 фарзанди, аёли билан ўша ерда уй-жой қилиб яшаяпти. Ўғлим ишлари юришиб кетгандан кейин мени ҳам олиб кетди. Бирга яшадик. Лекин у ерда яшашга жуда қийналдим. Ҳамма шароит бор. Аммо... бировнинг қош-қовоғига қараш, тўғри муомала қилиш ниҳоятда оғир экан. Деярли кўчага чиқаришмасди; баъзида ўғлим кўча бошига айлантириб келарди.

Уларга оғирлигим тушаётганини билиб кетмоқчи бўлдим. Уйдан қочиб кетишга қарор қилдим. Ўғлим ишдалигида кетай, десам, келиним қаёққа кетаётганимни сўради. Унга тушунтириб, ўз ҳаётим билан яшашимни айтдим. Рухсат беришмади.

Бу орада қизим вафот этиб қолди. Шундан кейин Ўзбекистонга қайтаман, деб туриб олдим. Қизимнинг маъракалари ўтгандан кейин борадиган жойим йўқ эди. Турли жойларда яшаб юравердим: Пскентда бир одамнинг дала ҳовлисида, кўчада қулай жойда, цемент заводининг қоровулхонасида яшадим. Кейин бу аҳволимни кўрган бир маҳалла раиси қариялар уйи борлиги ҳақида айтди. Сўнг ҳужжатларимни тўғирлаб бу ерга келдим. Келганимга бир ярим йил бўляпти.

«Орзум – болалигим ўтган уйни кўриш...»

Санобар Каримова, 52 ёш:

— Тошкент шаҳриданман. 14 ёшимда ота-онам автоҳалокатда вафот этишган. Ягона фарзанд эдим. Онамнинг яқин дугонаси мени қарамоғига олди. У кўп зуғум ўтказарди. 23 ёшимда сўраб-суриштирмасдан бир одамга турмушга беришди. Энди рўшнолик кўраман, деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Эрим тез-тез ичиб келиб урарди.

Эрим уй таъмири билан шуғулланарди; иссиқхонада ҳам ишладик, Қўйлиқда 12 йил нон ёпиб сотдик. У билан баравар ишлардим. Тинмасдик. Уйда ўтиришимга қўймасди. Маст ҳолда дўппослашлари, хиёнатлари, хўрлашларини кечирардим. Ўртамизда фарзанд бўлмаган. Бола асраб олишга рухсат бермаган.

Овсиним билан қилган хиёнатини кечиролмадим. Керакли нарсаларимни олдим-да, уйдан чиқиб кетдим. Бунга ҳам 9 йил бўляпти. Бу орада турли танишларимнинг уйида яшаб юрдим. Биласизми, бировнинг уйида яшасангиз, қош-қовоғига қараркансиз... Нонни ҳам ўйлаб еркансиз... Кейин ҳокимиятга мурожаат қилиб, шу ерга келиб қолдим.

Нима мени афсуслантиради? Ўтган ҳаётимдан афсусланаман. Балки ота-онам тирик бўлишганида, тақдирим бундай бўлмасмиди?

Орзу? Орзум – болалигим ўтган, ота-онам билан яшаган уйимизни кўриб келиш ва неча ёшда бўлсам ҳам, Ҳажга бориб келиш...

Юришга қийналаман. Хасталикдан тузалиб кетишни хоҳлардим. Расмий ишда ишламаганим учун пенсия олмаяпман. Ногиронлик нафақаси эса бу ерда яшаётганим сабабли давлат ҳисобига ўтиб кетаркан. Қўлимда озроқ пул бўлиши учун шу ердагиларга кийим тўқиб беряпман.

Ота-онасини қариялар уйига ташлаб қўядиган, қаровсиз қолдирадиганларга шуни айтардимки, ўз вақтида уларнинг қадрига етишсин. Ўтиб кетганларидан кейин ҳеч ким сизни уларчалик қадрламайди. Уларга нимаики яхшилик истасангиз, ҳаётлик вақтларида қилинг.

«Фарзандларимни кўришни хоҳлайман, лекин...»

Ҳусан Мамадалиев, 61 ёш:

— Бу ерга 2013 йилда келганман. Сирдарё вилояти Янгиер туманидаги саховат уйи ёпилганидан кейин бизни шу ерга олиб келишди. У ерга эса 40 ёшдан ўтиб борганман. Бунга автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолганим сабаб бўлган. Инвалид бўлиб қолганимдан кейин аёлимнинг менга нисбатан муносабати ўзгарди, шу сабаб уйни тарк этишга қарор қилгандим.

Бир ўғлим, бир қизим бор. Уйдан чиқиб кетаётганимда ўғлим ҳали кичик эди. Қизим турмушга чиққанди. Ҳозир боласи бордир. Ўғлим ҳозир 30 ёшга тўлган бўлиши керак. Балки, у ҳам оила қургандир.

Биринчи аёлим, қизим ва ўғлим билан алоқамиз йўқ. Бошида қариялар уйига тушганимдан кейин қизим олиб кетаман, деди. Лекин унга оғирлигим тушишини хоҳламадим. Чунки ўзининг оиласи бор. Ўғлим эса онаси нима деса шунга қулоқ солади.

Қизим шу ерда эканлигимни билса керак, ўғлим ҳам. Уларни кўришни хоҳлардим, аммо оилавий вазият бунга йўл қўймаяпти. Кўришга келишмаса ҳам майли. Ўз оилаларида тинч-тотув яшашса, менга шу етади.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид