Фан-техника | 23:29 / 15.12.2020
4973
2 дақиқада ўқилади

Amazon ўзининг илк роботаксисини тақдим қилди  

Zoox стартапи Amazon компанияси учун биринчи ҳайдовчисиз автомобилни ишлаб чиқишни якунлади. Эътиборлиси, автомобилда рул йўқ ва унинг олд ҳамда орқа томони ҳам бир хил кўринишда бўлиб, у икки томонга бирдек тез юра олади. 

Фото: Zoox

Автомобил ичида рул ва одатдаги ўриндиқлар ўрнига бир-бирига қараган икки жуфт ўриндиқ жойлашган. Автомобил 4 кишини ташишга мўлжалланган.

Машина узунлиги 3,63 метрни ташкил қилади ва 120 км/соат тезликда юра олади. Автомобил иккита аккумулятордан қувватланиб, улар автомобилга қайта қувватланишсиз 16 соат юриш имконини беради. 

Автомобил икки томонлама ҳаракат учун мўлжалланган хавфсизлик ёстиқчалари тизими билан жиҳозланган.

Автомобилнинг автоном юриши учун лидар, радар ва камераларни ўз ичига олувчи тизимлар тўплами жавоб беради. Компанияда таъкидланишича, ушбу тизимлар автомобилга 150 метр узоқликдаги объектларни кўриш имконини беради. 

Машина салонида мусиқа ва ҳароратни бошқариш учун индивидуал сенсор дисплейлар, стаканлар учун тагликлар ва смартфонларни симсиз қувватлаш учун жойлар кўзда тутилган.

Zoox’нинг маълум қилишича, роботакси Лас-Вегас, Сан-Франциско ва Фостер-Ситида синовдан ўтказилмоқда.

Келгусида стартап Amazon кўмагида ушбу машиналардан йилига 10-15 минг дона ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид