Ўзбекистон | 18:05 / 30.12.2020
7475
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири бепул витаминлар қандай тарқатилиши бўйича изоҳ берди

Халқаро пресс клубнинг 30 декабрда ўтказилган сессияси давомида Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев давлат раҳбари мурожаатида айтилган болалар ва туғиш ёшидаги аёлларга зарур воситалар берилишига оид режалар бўйича изоҳ берди.

Фото: Халқаро пресс клуб

«Президент ўз мурожаатида соғлиқни сақлаш тизимига юклаган асосий вазифалар орасида аҳоли саломатлигини туғилган вақтидан бошлаб асрашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш ҳам бор. Бу комплекс чора-тадбирларда болалар, ҳомиладор аёлларга биз нутритив моддалар деб атайдиган витаминлар, йод, темир препаратлари берилиши мўлжалланган ва бунинг учун 100 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2021 йил март ойидан бошлаб бу воситаларни тарқатишни бошлаймиз.

Тарқатиш механизмини ҳам қайта кўриб чиқамиз. Зарур воситалар аввалгидек вилоят, шаҳар ва туманларнинг ўзида эмас, ҳар битта оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари ва маҳаллаларгача етиб бориб, ўша ердаги оилавий шифокор томонидан тарқатилади. Бу бир томондан дори воситаларининг мақсадли ишлатилишига замин яратади, иккинчи томондан ўша оилавий шифокор нуфузи, халқнинг унга ишончи ошишига хизмат қилади», – деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, президент ўз мурожаатида бу масалага алоҳида тўхталганди.

«Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади», – деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид