Спорт | 17:22 / 03.01.2021
17971
10 дақиқада ўқилади

2020 йилнинг энг яхши трансферлари. 39 ёшли Златан кучли ўнликда

Ўтган йилда амалга оширилган энг яхши трансферларнинг баъзиларида ҳеч қандай тўлов бўлмаган. Буни суперселекция деса бўлади.

Фото: Marc Atkins/Emilio Andreoli/Getty Images

«Чемпионат» ўтган 12 ой мобайнида рўй берган энг яхши трансферларни саралади.

10. Анте Ребич, «Айнтрахт»дан «Милан»га (5 млн евро)

Фото: Giuseppe Cottini/Getty Images

Аввалги мавсумни Ребич «Милан»да ижара асосида ўтказганди. Хорватиялик яримҳимоячи «россонери»лар етакчиларидан бирига айланди ва барча турнирлар доирасидаги ўйинларда ўз ҳисобига 12 гол ёзиб қўйди ва бу жамоадаги энг яхши кўрсаткичдир. Сентябрда «Милан» Ребичнинг трансфер ҳуқуқини атиги 5 млн евро эвазига сотиб олди. Transfermarkt портали Антенинг трансфер қийматини 32 млн еврога баҳолаган. Трансфер бу қадар арзон тушганининг сабаби, «Милан» ва «Айнтрахт» футболчиларни алмаштиришган: Ребич Италияга келгач, унинг ўрнига Андре Силва йўл олган. Португалиялик ҳужумчининг «Милан»даги ишлари юришмаганди.

Жорий мавсумда хорватиялик футболчи 13 учрашувда майдонга тушиб, 1 гол урди ва 6 голга узатма берди. У «гол + пас» тизимида «Милан»да фақат уч футболчидан ортда — Чалхонўғли (6 + 9), Ибраҳимович (11 + 2) ва Тео Эрнандес (4 + 5).

9. Мойзе Кин, «Эвертон»дан «ПСЖ»га (ижара)
«Ювентус»да кўзга тушган италиялик ёш ҳужумчи «Эвертон»га ўтгач ўйнаб кета олмаганди. Англия чемпионатидаги бир йил давомида у 37 учрашувда 4 гол урди. Ёш форварднинг фаолияти йўққа чиқаётгандек эди, аммо у ўз вақтида «ПСЖ»га ижарага берилди. Бу ерда Мойзе аввалгидек ўйин намойиш эта бошлади: 16 ўйин, 9 гол, 1 ассист. Жамоада фақат уч футболчи ундан яхшироқ кўрсаткичга эга: Мбаппе (14 + 7), Неймар (9 + 5) ва Ди Мария (4 + 9).

Шундай натижаларга қарамасдан, Мойзе мавсум якунида «Эвертон»га қайтишига тўғри келади. «ПСЖ» футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмаганди, аммо бу ижара шартномасини парижликлар раҳбарияти муваффақиятли ишлар ҳисобига ёзиб қўйса бўлади.

8. Анхелиньо, «Манчестер Сити»дан «РБ Лейпциг»га (ижара)

Фото: Alexander Hassenstein/Getty Images

«Манчестер Сити» тарбияланувчи бу мавсумда ҳам бошқа клубга ижарага берилди. Бу унинг фаолиятидаги бешинчи ижара клуб. 2019 йилда «шаҳарликлар» Анхелиньони ПСВдан чақириб олишганди, нидерландлар жамоасида у асосий таркиб футболчисига айланганди. Аммо бир мавсум давомида ушбу испан ҳимоячиси «Манчестер Сити»да асосий таркибдан ўрин ололмади ва «РБ Лейпциг»га ижарага жўнатилди.

Немислар клубида Анхелиньо яна очилди. У 3-x-x модулида қанотда ажойиб ўйин намойиш этмоқда, айниқса ҳужумларга қўшилишда фаол ва самарали. Анхелиньо чап қанот ҳимоясида Европанинг энг яхшиларидан бирига айланиб бормоқда. У 20 ўйинда 8 гол уриб, 6 голга узатма берди. Бир ўйинда ўртача 1,9 марта тўпни рақибдан олиб қўйган, 1 марта рақиб узатмасини тўхтатиб қолган, 1,6 марта дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллаган, 2,2 марта ҳал қилувчи узатмани амалга оширган. Бундай салоҳиятли ижрочи Хосеп Гвардиолага асқатган бўларди.

7. Эдуард Менди, «Ренн»дан «Челси»га (24 млн евро)
Мендининг трансфери «Челси»га сўнгги йиллардаги асосий муаммосини ҳал қилиш имконини берди — дарвозабон позицияси сифатли равишда ёпилди. Кепа Аррисабалага жуда кўп хатоларга йўл қўяётганди. Сенегаллик дарвозабон эса жамоадаги дастлабки олти ўйинини (АПЛ ва ЕЧЛда учтадан ўйин) «қуруқ» ўтказди. «Аристократлар» сафидаги 19 ўйинда Менди 12 гол ўтказган, 10 учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Бундан ташқари, Эдуард бир ўйинда ўртача 2,1 сэйв ижро этмоқда. Аъло кўрсаткичлар

6. Федерико Кьеза, «Фиорентина»дан «Ювентус»га (2 йиллик ижара, 10 млн евро)
Кьеза «Фиорентина»дан кетиши ҳақида анчадан буён гап юрарди. У «фиалка»лар даражасидан бир бош юқорига ўсгани барчага аён эди. Федерико учун курашда «Ювентус» биринчи бўлди. Клублар 2 йиллик ижара бўйича келишувга эришишди, бу вақт ичида «Фиорентина» 10 млн еврога эга бўлади. 2022 йил ёзида туринликлар футболчи трансфери ҳуқуқини 40 млн евро эвазига сотиб олиши мумкин бўлади. Бундай схема туринликларга молиявий fair play бўйича муаммо келиб чиқишидан қочишга ёрдам беради.

Мухлислар ва «Юве» раҳбарияти бахтига Кьеза жамоа ўйинига тез киришиб кетди. 15 ўйинда у 2 гол уриб, 5 голга ҳаммуаллифлик қилди. Энди у «Фиорентина»да бўлгани каби жамоа етакчиси эмас, аммо Федериконинг ўзи Туринга ўтганидан афсусланмаётгани аниқ. Асосийси — у Бернардескининг йўлини такрорламади, аввалроқ «Фиорентина»дан келган бу ҳужумчининг ўйини «Ювентус»да ўхшамаганди.

5. Альваро Мората, «Атлетико»дан «Ювентус»га (ижара, 10 млн евро)

Фото: Alessandro Sabattini/Getty Images

 

Испаниялик ҳужумчи ўз фаолиятидаги энг яхши дамларни ўтказган (2014-2016 йиллар) жамоаси бўлмиш «Ювентус»га қайтди. Туринликлар Кьеза билан бўлгани каби Альварони ҳам сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишган. Ноябрдаёқ «Юве» Моратанинг трансферини 2021 йил ёзида тўлиқ сотиб олишга тайёрлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бунинг сабаби бор эди: у 17 ўйинда 10 гол уриб, 7 голга узатма берди.

Роналду-Мората жуфтлиги рақиблар учун ваҳимали кўриниш олди, «Реал»да ҳам уларнинг ҳамкорлиги аъло даражада кечганди. Пауло Дибала захира ўриндиғига ўтириб қолди. Бу ҳам Моратанинг туринликлар клубига трансфери муваффақиятли чиққанини кўрсатади.

4. Златан Ибраҳимович, «ЛА Гэлакси»дан «Милан»га (текинга)
Златан ҳайратлантиришда давом этди. 39 ёшида форвард ҳамон аввалги каби самарадор ўйин кўрсата олди. 2020 йил январида «Миланга» келганидан буён Ибраҳимович ўз ҳисобига 30 ўйинда 22 гол ва 7 ассист ёзиб қўйди. Айниқса жорий мавсум бошида унинг самарадорлиги ўсиб кетди — Италия чемпионатидаги олти ўйинда Златан 10 гол уришга эришди.

Афсуски, ёши ўтаётгани ўз таъсирини кўрсатмоқда, швециялик ҳужумчи бир ойдан буён жароҳат туфайли ўйнай олмаяпти. Аммо унинг мавсум бошидаги қаҳрамонликлари туфайли «Милан» ҳозирда А Серияда етакчилик қилмоқда. Бу шубҳасиз Златан омили.

3. Диогу Жота, «Вулверҳэмптон»дан «Ливерпуль»га (44,7 млн евро)
Португалиялик ҳужумчи, кўпчилик учун кутилмаганда 2020/2021 йилги мавсум бошида «Ливерпуль»ни «елкасида олиб юрди». Бу вақтда мерсисайдликлар жароҳат туфайли асосий етакчиларини йўқотишганди. Жота АПЛда 4 ўйинда ғалаба голи муаллифи бўлди, шунингдек, ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Аталанта»га қарши ўйинда ҳет-трик қайд этди.

Диогу универсал футболчи — у ҳужумдаги исталган позицияни бирдек ёпа олади. Англиядагилар Жота «Ливерпуль» ўйинига бу қадар осонлик билан мослашиб кетганидан ҳайратда. Британиялик экспертлар у Мане-Фирмино-Салоҳ триосини йўққа чиқаришига шубҳа қилишмаяпти. Энди Юрген Клопп ҳужум чизиғидаги бу футболчиларнинг барчасининг кўнглига қандай қилиб бирдек қарай оларкин?

2. Бруну Фернандеш, «Спортинг»дан «МЮ»га (55 млн евро)
«МЮ» ушбу португалиялик футболчи учун қаттиқ курашгани бежиз эмасди. Фернандеш илк мавсумидаёқ жамоа етакчисига айланди, у ҳам гол уради, ҳам жамоадошларини голли узатмалар билан таъминлайди ва бу ишни доимий равишда амалга оширади. Жорий мавсумда Бруну 24 ўйинда иштирок этиб, 15 гол урди ва 9 голга узатма берди. Бир ўйинда у ўртача 3,1 марта ҳал қилувчи узатмани амалга оширади — АПЛда бу борада фақат Грилиш (3,6) ва Де Брюйне (3,2) олдинда. Охирги ўйинлардан бирида португалиялик ҳавбек «МЮ»ни майдонга сардорлик боғичида олиб тушди. У бунга тўла муносиб, «қизил иблислар»нинг ўйини унинг атрофига қурилмоқда ва бу натижа келтирмоқда.

1. Эрлинг Ҳоланд, «РБ Зальцбург»дан «Боруссия» Дортмундга (20 млн евро)
2020 йилда Эрлинг Ҳоланд вундеркинд деб аталишдан қутулди ва топ-даражадаги футболчи сифатида тан олинди. «Боруссия» сафидаги 32 ўйинда у 33 гол урди ва 6 голга узатма берди. Бир ўйинда биттадан ортиқ самарали ҳаракат!

Ҳоланд ҳозирда сайёранинг энг яхши ёш футболчиси. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 100 млн еврога баҳолаган (Санчо ва Фелиш ҳам шунча туради). Бир йил муқаддам «Боруссия» Эрлингни сотиб олиш учун сарфлаган 20 млн евро ўзини ортиғи билан оқлади. Ҳоланд эришилган натижалари билан чекланмасдан, ўсишда давом этиши табиий.

Мавзуга оид