Ўзбекистон | 16:14 / 14.01.2021
33466
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар Жамшид Қўчқоровга парламент сўрови юборди

Олий мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида капитал бозорни ривожлантириш масаласи юзасидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга парламент сўровини юбориш бўйича қарор қабул қилинди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров

13 январ куни Олий мажлис қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда капитал бозорининг бугунги ривожланиш ҳолати кўрилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровга «Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш борасида ҳукумат томонидан белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Таъкидланишича, ялпи мажлисда Ўзбекистон капитал бозорининг бугунги ривожланиш ҳолати молия секторининг бошқа иштирокчилари, хусусан, банк ва суғурта бозорларига нисбатан суст даражада қолишига сабаб бўлаётган омиллар муҳокама қилинди.

Депутатлар хориж вакиллари иштирокида давлат корхоналари томонидан облигацияларнинг асосан чет элда чиқарилиши маҳаллий капитал бозори ва унинг иштирокчилари фаолиятини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратган.

Давлат облигацияларининг ликвидли иккиламчи бозорининг шаклланмаганлиги жисмоний шахслар ва норезидентлар томонидан давлат облигациялари сотиб олиш имкониятини чеклаб қўяётгани каби муаммолар таъкидланган.

Маълумот учун, aйни пайтда, Ўзбекистон фонд бозорининг капиталлашуви ялпи ички махсулотга нисбатан 1 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 22 фоиз, Россияда 35 фоиз, Хитойда 46 фоиз, Жанубий Кореяда 87 фоиз, Малайзияда 112 фоиз ҳамда АҚШда 149 фоизни ташкил этади

Мавзуга оид