Ўзбекистон | 13:37 / 14.01.2021
16555
2 дақиқада ўқилади

Манба: Ином Мажидов Миллий университетга ректор бўлиши кутилмоқда

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Ўзбекистон миллий университетига ректор бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'нинг вазирлик ички тизимидаги бир нечта манбалари маълум қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти таркибида кузатилаётган ўзгаришлар ортидан Ином Мажидов ҳам янги лавозимда иш бошлаши кутиляпти.

Kun.uz манбаларига кўра, айни пайтда унинг Ўзбекистон миллий университетида иш бошлаши муҳокама қилинмоқда. 

Сайт мухбири мазкур хабарга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев билан боғланди. Аммо Бабашев бу ҳақда ўзида бирор маълумот йўқлигини маълум қилди.

«Билмаймиз. Бу ҳали номаълум. Қўлимизда факт йўқ. Бирор янгилик бўлса, айтамиз», – деди у.

Маълумот учун, айни вақтда Миллий университет ректори Авазжон Мараҳимов ҳисобланади. У 2016 йил октябридан буён ушбу вазифада фаолият юритмоқда.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси йиғилишида олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов номзоди кўриб чиқилганди.

Депутатлар томонидан Абдуқодир Тошқулов олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига маъқулланди. Эндиликда у лавозимига бош вазир тақдимоти ва президент фармони асосида киришиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ином Мажидов 2016 йил сентябридан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 2017 йил июнидан эса вазир лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид