Ўзбекистон | 13:43 / 17.01.2021
45399
6 дақиқада ўқилади

Профессор Бахтиёр Менглиев олий таълимга оид 10та таклиф билан чиқди

Ҳукумат кўраётган чораларга қарамай, Ўзбекистонда олий таълим ҳануз депсинишдан чиқиб кета олмаяпти, дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев.

Профессор Kun.uz'га тақдим этган мақоласида соҳадаги муаммолар ечими юзасидан ўз таклифларини илгари суради.

1. Талабаларга эркинлик бериш керак. Улардан давомат ва форма талаб қилиш амалиётини бекор қилиш зарур

Бугунги кунда таълим сифати эмас, дарсда қатнашиш мажбурияти биринчи ўринга чиқариб қўйилган.

Бу – салоҳиятсиз ўқитувчиларнинг ўз устида ишламасликларига, талабаларнинг вақтларини бесамар ўтказишларига сабаб бўлмоқда. Бир хил форма талабалар зеҳнияти ўсишига ҳам салбий таъсир қилади ва кийиниш масаласи, арзимаса-да, маънавиятнинг бош муаммосига айланиб қолмоқда.

2. ОТМ профессор-ўқитувчиларига эркинлик бериш керак

Аёнки, аксарият ОТМларда профессор-ўқитувчилар, ҳатто докторантлар учун ҳам, соат 8–9дан 17гача ишхонада бўлишдек ноқонуний талаб ҳануз сақланиб қолмоқда.

Ваҳоланки, ОТМ профессор-ўқитувчилари қонунан вақтбай эмас, ишбай шаклида фаолият кўрсатишади. Бу уларнинг ўз устида ишлашларига салбий таъсир қилмоқда.

Докторантларнинг ишхонада кун ўтказиши уларнинг илмий режаларини бажаришларига монелик қилади. Эркинлик дарсни ташкил этиш масалаларини ҳам қамраб олиши керак.

3. Олий таълимда ортиқча қоғозбозликдан воз кечиб, рақамли бошқарув тизимини такомиллаштириш керак

Ортиқча қоғозбозлик ишнинг кўлами ва сифатини «хаспўшлаб», ходимларни ва муассасаларни ишлаётгандек кўрсатишгагина хизмат қилмоқда.

Раҳбарлар ва профессор-ўқитувчилар қоғозбозликка ўралашиб қолиб, ўзларини ҳам, жамиятни ҳам алдашмоқда.

Ўқитувчилар бир белгини 4–5 турдаги қоғозда акс эттиришга мажбур бўлишмоқда. Масалан, дарс мавзуси электрон журналда, moodle платформасида, гуруҳ журналида, календарь режада акс эттирилади. Баъзан кафедра журналида ҳам қайд этиш талаб қилинади. Айнан дарс жараёнида талабаларни баҳолашда электрон журнал билан ишлаш учун шароит яратилиши лозим.

4. ОТМ профессор-ўқитувчиларини давлат мукофотларига тавсия этиш тизимини яратиш зарур

Олий таълим профессор-ўқитувчилари давлат мукофотларига негадир мактаб ўқитувчиларига қараганда камроқ тавсия этилади. Ҳолбуки, улар орасида фидойи устозлар жуда кўп.

Бугунги кунда тавсиялар фақат «раҳбариятга маъқуллик» мезони асосида олиб борилмоқда. Профессор-ўқитувчининг илмий, педагогик салоҳияти, устозлик мартабаси камдан-кам ҳолларда инобатга олинади.

Масалан, бугунги кунда ҳар икки хонандадан бири «хизмат кўрсатган артист» унвонига эга, бироқ «хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвони саноқли ОТМ ўқитувчиларга берилган. Боз устига, ёшларга умуман сабоқ бермаган кишилар ҳам бу унвонга сазовор.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» унвонини жорий қилиш зарур. Шунингдек, ОТМ профессор-ўқитувчиларини давлат мукофотларига тавсия этишнинг мукаммал мезонлари ва механизми яратилиши лозим.

5. ОТМларда мажбурий меҳнатни бекор қилиш зарур

ОТМ профессор-ўқитувчилари юкламаларига киритилмаган жуда кўп ишларни бажаришга мажбур бўлишмоқда. Хусусан, ўқитувчи зиммасига юклатилган, лекин маош тўланмайдиган катта кўламдаги мустақил таълим соатлари шулар жумласидан.

6. Мамлакат миқёсида ОТМлар ўқитувчилари ва талабаларининг алмашинувини таъминлаш лозим

Ўқитувчилар ва талабалар ўз ОТМлари қобиғига ўралиб қолган. Турли олий ўқув юртларида фаннинг ҳар хил соҳаси бўйича етук мутахассислар бор. Улар – мамлакатнинг умумий интеллектуал «мулки». Бу салоҳиятдан барча университетларнинг истаган талабаси баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлиши, унинг қонуний механизми ишлаб чиқилиши, қулай шарт-шароит яратилиши лозим.

7. ОТМ профессор-ўқитувчиларининг жаҳон олий таълими тажрибаларини ўрганишлари учун қулай шароит яратиш ва бу тизимни бюрократик тўсиқлардан халос қилиш лозим

Илғор хорижий тажрибаларни тизимли ва мақсадли ўрганиш учун муҳит ва шароит зарур. Ҳозир кўплаб ОТМларда бу ҳолатда ҳам «раҳбариятга маъқуллик» мезони амал қилмоқда.

Салоҳиятли кадрлар қолиб, ўз фанини тузук-қуруқ эгалламаган ўқитувчилар хориж ўқув юртларига юборилиши тез-тез кузатилмоқда.

8. ОТМларда барча раҳбарлик лавозимларига тайинловнинг эркин сайлов тизимини жорий қилиш керак

Таълим тизимидаги раҳбарлар – ўқув жараёнининг локомотиви. Улар жамоанинг бошини қовуштириб, таълим сифатини таъминлаши – муҳим омил. Таълим ҳам жамоавий жараён ва тизим. Бугунги кунда ОТМларда раҳбарларнинг тайинловида жамоанинг фикри инобатга олинмайди.

Кафедра мудирини кафедра аъзолари, факультет деканини факультет жамоаси (профессор-ўқитувчилар ва талабалар), ректорни университет жамоаси сайлаши керак. ОТМларнинг таниш-билишчиликка асосланган амалдаги кенгашлари бу вазифани адолатли бажара олмаяпти ва у бир қадар эскирди.

9. Хусусий ОТМларга тезроқ кенг йўл бериш керак

Бозорнинг ҳаракатлантирувчи кучи – рақобатга асосланган талаб ва таклиф омилидир. Бироқ ҳозирги олий таълим рақобатсиз, эскирган социалистик талаблар асосида – «маҳсулоти»нинг сифатига жавобгарлик ҳис этилмайдиган тутумлар асосида ишламоқда.

Бу муаммо олий таълим беришдаги рақобатни таъминлайдиган нодавлат таълим муассасаларини йўлга қўйиш асосида ҳал этилади. Чунки давлат таълим муассасалари тайёрланаётган кадрларнинг сифатидан манфаатдор эмаслиги – олий таълимдаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда.

10. Биринчи курс талабаларини олий таълим ўқув жараёнига маълум муддат (камида бир неча ҳафта) тизимли мослаштириш зарур.

Маълум бўляптики, биринчи курс талабалари олий таълим системасини стихияли ўзлаштирмоқда. Улар институт, университет, академия, кафедра, кредит-модул, маъруза, семинар, амалий машғулот каби зарур тушунчаларнинг моҳияти ва мазмунини билишмайди.

Бахтиёр Менглиев,
Тош
кент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори

Мавзуга оид