Жаҳон | 10:07 / 19.01.2021
37674
2 дақиқада ўқилади

Саҳройи Кабир қор билан қопланди 

Дунёдаги энг катта чўл – Саҳройи Кабирда бу ҳудуд учун ноодатий ҳодиса кузатилмоқда: январда ўртача ҳаво ҳарорати 20 даражадан юқорироқни ташкил қиладиган чўлда ҳарорат минус даражагача тушиб кетиб, қор ёғди.    

Фото: instagram.com/kaaarimo

Фотосуратчи Карим Бучетата ушбу ноодатий ҳодиса суратлари билан Instagram’да бўлишди. У  Жазоирдаги Айн-Сафра шаҳри яқинида қор билан қопланган чўлни, Саудия Арабистони шимолидаги Табук шаҳрида қор билан қопланган чўлда юрган туялар ва қўйларни суратларда муҳрлади.

Айн-Сафра Саҳройи Кабир чеккасида жойлашган бўлиб, у “Чўл дарвозаси” деб ҳам аталади. Бу ҳудудда 2017 ва 2018 йилларда ҳам қор кузатилган. Бунгача эса қорли об-ҳаво 1979 йил февралдагина қайд қилинган. 

The Sun нашрининг таъкидлашича, Саҳройи Кабирда йилнинг иссиқ вақтида ҳарорат +50 даражагача кўтарилиб, совуқ вақтида 12 даражагача пасаяди. Аммо жорий январда ҳарорат меъёрдагидан анча пастлаб, 0 даражадан тушиб кетган.

Саудия Арабистонида январь энг совуқ ой ҳисобланиб, ўртача ҳарорат 20 даража илиқни ташкил қилади. Табук эса мамлакатнинг энг совуқ ҳудудларидан бири ҳисобланади. 10 январда ушбу тоғли ҳудудда кучли қор ёғган. Шунингдек, Ливан, Сурия ва Эрон ҳам қор билан қопланган.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, чўлнинг кескин иқлими ва қурғоқчил эканига қарамай, у 15 минг йилдан кейин яна ўсимликлар билан қопланади.

Мавзуга оид