Спорт | 16:48 / 20.01.2021
30168
9 дақиқада ўқилади

Футболдаги ўзбек иши. Ҳакамлар ким билан келишишган?

«Хўп, агар ўзбеклар Москвага пахта ўрнига пул олиб борган бўлса, нега у ердагилар «бизга пул эмас, пахта керак» демапти?» – Ўткир Ҳошимов «Тушда кечган умрлар» романида «Ўзбек иши» ҳақида фикр юритар экан, шундай деб, нега пора берганлар қамоққа олинади-ю, ўша порани олганлар ҳақида ҳеч гап йўқлигига эътибор қаратганди.

Яқинда «Нефтчи» футболчиси «Турон»га қарши ўйиндан сўнг ҳакамни тепганида бир масала жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди: футболчи футбол регламентига кўра жазоланиб, дисквалификация қилиниши керакми ёки бу ҳаракати учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрироқ бўладими?

Умуман, футбол майдонида бўлиб ўтган воқеалар учун қандай кодекс амал қилади? Жаҳон тажрибасида ҳар икки ҳолат ҳам амалда кузатилгани учун ҳолат бироз баҳсли эди. Шундай бўлса-да, футболчига нисбатан жиноий иш очилгани, бир неча кунга қамалгани ҳақида ҳам ёзилди. Қандай қарор тўғри бўларди, тўғриси, аниқ айта олмайман, лекин... Яхшиям видео бор экан, ҳаммаси очиқ бўлди – жиноятчи ҳам, жабрланувчи ҳам ўртада.

Шахсан менда кўпроқ савол ЎФА томонидан эълон қилинган бошқа хабарларда юзага келмоқда. Ташкилот сайтида ФИФА ва ОФК ҳаками Шерзод Қосимов уч йил муддатга футболдан четлатилгани хабар қилинди. Ш.Қосимовнинг бунга сабаб бўлган айблари сифатида «ЎФA интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани» кўрсатилмоқда.

Бу сўнгги пайтларда биринчи ҳолат эмас. Ўтган йилнинг ноябр ойида ҳам ЎФА уч нафар ҳакамни (ФИФА ҳаками Жасур Мухторов, ЎФА ҳакамлари Аскер Нажафалиев ва Темур Тўхтасинов) футболдан четлатиб, 90, 70 ва 10 миллион сўмлик жарималар қўллаган. Ўшанда ҳам Мухторов ва Тўхтасинов худди ўша банд — «ЎФA интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун» бўйича айб қўйилган.

Энди саволлар туғилади: аслида ҳакамларнинг қандай ҳаракатлари фақат футбол регламентига асосан кўриб чиқилиши керак?

Ҳакам майдонда ўз лаёқатсизлигини кўрсатиши ва бир қатор вазиятларда қўпол хатоларга йўл қўйиши мумкин. Бу одатда инсоний омил деб қаралса-да, айнан лаёқатсизлик нуқтайи назаридан ҳакам ўйинларни бошқаришдан четлатилиши мумкин. Бу тушунарли.

Ёки ҳакам маълум ўйинни бошқаришда нохолисликка йўл қўяди. Бу у ёки бу клубга мухлислиги, ён босиши ёки қайсидир жамоа ёки унинг мураббийга ғарази юзасидан атайлаб нотўғри қарорлар чиқариш орқали ўйин натижасига таъсир кўрсатади. Бу ҳам қайсидир маънода ҳакамнинг лаёқатсизлигини билдиради ва ушбу вазифадан бир муддат ёки бутунлай четлатилиши мумкин.

Бу эҳтимолларни четга сурамиз – 5.44-бандда айтилганидек, «бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун» дейилмоқда. Демак, ҳакамлар қандайдир келишув асосида, моддий қийматлик олиб ёки олмай, ўйинлар натижаларига таъсир ўтказмоқда. Бу ҳолатда фақат футбол фаолиятидан четлатиш етарли бўладими?

Биринчидан, қоидабузарлик майдон ичида эмас, ташқарисида, яъни бир гуруҳ шахслар ўртасида келишув амалга ошиб, коррупция юзага келмоқда. Бу ҳолатда ҳакамлар жиноят кодекси асосида ҳам тергов қилиниши керак эмасми?

Иккинчидан, мантиқан, «келишув» дегани фақат бир томонлама бўлмайди. Хўп, ҳакам кимлар биландир келишиб, ўйинлар натижасига таъсир кўрсатган экан, ўша одамлар ким? Иштирокчи клуб мураббийи ёки раҳбарларими? Футболчиларми? Ёки футбол мухлисларими?

Яъни келишув икки томонлама содир бўладиган акт, у ҳолда, нега иккинчи томондагилар ошкор қилинмаяпти, улар нега жазоланмаяпти? Агар ростдан ҳам коррупцион келишув асосида футбол ўйини натижасига таъсир кўрсатилгани аниқланса —

  1. ўша ўйинлар натижаси бекор қилиниб, иштирокчи клублар ҳам жазоланиши;
  2. келишувнинг барча иштирокчи шахслари терговга оширилиб, гумонланувчига айланишлари керак эмасми?

Ҳозирги ҳолат, худди бир аралашув билан ўйинни «Пахтакор»га бергани айтилиб, «Металлург» мураббийи Мирсодиқов футболдан четлатилгани, аммо кейинчалик, ўша аралашув иштирокчилари ҳам, уч очкога эга бўлган «Пахтакор» ҳам ўз ҳолида қолиб, чемпион сифатида қолган ҳолатни эслатмайдими?

Очиқдан очиқ, ҳакамни сотиб олиш орқали ўйинга таъсир ўтказиш уёқда турсин, шунчаки ўйинларга «қулай» ҳакамларни тайинлаш борасида иш олиб боргани учун Лучиано Можжи ва яна бир қатор функционерлар қамалгани, «Ювентус» эса умуман икки мавсумдаги чемпионликдан маҳрум қилиниб, қуйи лигага тушириб юборилгани ёдимиздан чиққани йўқ. Ёки «Фенербаҳче» президенти Азиз Йилдирим ҳакамлар билан келишиб, ўйин натижасини ҳал қилишга уринишда айбланиб, уч ярим йилга қамалгани-чи? Тўғри, кейинчалик Йилдирим оқланди, аммо коррупция борлигининг ўзи мавзуни футбол доирасидан ташқарига чиқаради ва ҳар доим бундай ҳолатларда жиноий иш очилиб, тергов органларига топширилади.

Ҳатто Португалияда аср бошларида бўлиб ўтган коррупцион можарода, ҳакамларнинг майдонда бир жамоага ён босишлари кузатилмаган, вазият унгача етиб бормаган, лекин ўйин ташқарисида пул олди-берди ишлари исботлангани учун бир қатор шахсларга нисбатан жиноий ишлар очилган.

Узоққа бормайлик.

«Биз бир йил бир ярим йил вақт мобайнида келишилган ўйинларда, тотализаторда иштирок этган қирқдан зиёд футболчиларни аниқлаганмиз. Четлаштирдик. Булар Про Лига ёки биринчи лигада, ана энди, ҳозир айтаман, Суперлигадаям бошланади. Италиянинг 2006 йилдаги йўлига ўтиш керак. Ўзбек футболи шунга етиб келди. Қачондир тозаланиш керак. Шунинг учун ҳақиқий огоҳлантириш бўлди, ҳаммасига қўл қўйдириб, протоколини олиб келдик. У ерда айнан «жиноий жавобгарлик» деган банд бор. Ҳаммамизнинг оиламиз бор, уларга ҳалол луқма едирамиз, тўғрими? Масалан, футболдан четлаштирилиб яшаш мумкин, бошқа иш қилиш мумкин, аммо энди, арзимаган ҳаром ишларни деб, прокуратура ва судларга қатнаб юришни ким ўзига раво кўради? Ҳеч ким. Мана шу нарса Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси президенти номидан ҳаммага етказилди», — бу сўзларни 2020 йилнинг июн ойида ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев «Спорт» каналига берган интервьюсида айтганди.

Хулоса қилсак, ЎФАнинг баёнотида, умуман мана шу юзага келган вазиятда учта ўта муҳим масала қалқиб чиқмоқда.

Бир – агар ҳакамларнинг ўйин натижасига таъсир қилувчи келишувларда иштирок этгани аниқланган бўлса, уларга футболдан четлатишдан ташқари жиноий иш ҳам очиладими? Қонун бўйича ҳам, қоида бўйича ҳам иш очилиши керак, буни юқорида кўриб чиқдик, хўш, у ҳолда, ЎФА тегишли материалларни суриштирув учун тергов органларига тақдим этдими? Нега бу ҳақида маълумотлар ошкор қилинмаяпти? Хўп, Қосимовнинг иши кеча хабар берилган янги ҳолат бўлса, юқорида тилга олинган уч нафар ҳакам жазоланганига қарийб икки ой бўлди.

Икки – келишган ҳакамлар ким билан келишишган, яъни келишувнинг нариги томони ким ва уларга қандай чоралар кўрилиши кўзда тутилган? Нега клублар ёки бошқа функционерлар ҳақида маълумот берилмаяпти? Агар ҳакамлар ҳозирча футбол регламенти бўйича, яъни футболдан четлатиш ва ЎФАга жарима тўлаб қутулиб қолаётган бўлса, хўп, барча тизгин ЎФАнинг қўлида деб қабул қилган тақдиримизда ҳам, нега ҳакамлардан ташқари, бошқа иштирокчилар жазоланмаяпти?

Уч – ўйинлар натижасига таъсир қилган ҳакам эътироф этиляпти-ю, ўша ўйин натижаси ўз кучида қоляпти? Ҳакам ўйин пайтида ҳар қанча қўпол хатога йўл қўйиб, ўша қарорлар ўйин натижасига ҳар қанча таъсир қилса ҳам, бу ҳолат ХАТО натижасида юзага келгани учун ўйин натижаси шундоқ қолади. Аммо агар бу қарорлар олдиндан амалга оширилган келишув оқибатида атайлаб қабул қилингани исботланса, ўйин натижаси ҳақиқий эмас деб топилиши керак. Демак, ўша таъсир этилган ўйинлар юзасидан каттароқ текширув ўтказилиши ва натижалар бекор қилиниб, чемпионат совриндорлари қайтадан кўриб чиқилиши керак эмасми?

Бу саволларга тегишлича жавоблар берилиши лозим деб ўйлайман. Акс ҳолда, нафақат футболимизда бирор нарса ўзгараётгани ҳақидаги фикрлардаги асос йўқолади, балки жиноятчи ҳакамлар билан келишган клубларимиз иштирокида ўйинларни, яъни умуман ўзбек футболини томоша қилиш учун сабаб ҳам қолмайди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид