Жаҳон | 14:34 / 20.01.2021
7526
2 дақиқада ўқилади

Жек Ма октябрдан буён илк бор омма олдида кўриниш берди

Миллиардерни охирги марта ўтган йил 24 октябрда кўришганди.

Alibaba Group Holding Ltd асосчиси, хитойлик миллиардер Жек Ма куз фаслидан буён илк бор омма олдида кўриниш берди. Бу ҳақда Хитой ОАВга таяниб The Wall Street Journal ва Financial Times хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, Жек Ма чоршанба куни хайрия тадбирида видеоалоқа орқали чиқиш қилган. 

Ушбу тадбир видеоёзуви интернетда ҳам жойлаштирилди, деб ёзмоқда Bloomberg. Ant Group видеоёзувнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Жек Мани охирги марта 24 октябрда кўришганди. У ўша куни Шанҳайдаги конференцияда халқаро молиявий регуляторлар қоидалари эскирганини айтган ва Хитой банкларини танқид қилиб, улар «ломбардча менталитет»га эгалигини билдирганди. Бу унга қимматга тушди. 5 ноябр куни назорат пакети Мага тегишли бўлган Ant Group Шанҳай ва Ҳонгконг биржаларида IPO’ни амалга ошириши керак эди. 

Бироқ биржага чиқишдан икки кун олдин Хитой молиявий регуляторлари Ма ва Ant Group раҳбарларини суҳбатга чақирган. Reuters манбасининг сўзларига кўра, улар бизнесларини тўлиқ текширув кутаётгани тўғрисида огоҳлантирилган. Ant Group IPO’си қолдирилди. Хабарларга кўра, бу борадаги қарорни шахсан ХХР ҳукумати раиси Си Цзинпин қабул қилган.

Декабрда Хитой регуляторлари Ant Group’ни шаффоф рақобат принципларини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишда айблади. 24 декабрда эса Alibaba устидан текширув бошлангани маълум қилинди.

Мавзуга оид