Спорт | 16:56 / 25.01.2021
9157
2 дақиқада ўқилади

«Челси» Фрэнк Лэмпард истеъфога чиқарилганини эълон қилди

Лондоннинг «Челси» клуби бош мураббий Фрэнк Лэмпард истеъфога чиқарилганини расман эълон қилди. 

«Челси» расмий сайтининг маълум қилишича, 2019 йилдан буён бош мураббий сифатида ишлаётган 42 ёшли клуб афсонасини истеъфога чиқариш қарорини қабул қилиш осон бўлмаган.

«Фрэнк Лэмпардни истеъфога чиқариш қарорини қабул қилиш клуб хўжайини ва директорлар кенгашига осон бўлмади. Фрэнкнинг клубда эришган натижалари ва ҳамкорлик учун ундан миннатдормиз. Бироқ жамоанинг сўнгги учрашувлардаги натижаси ва ўйини клуб кутаётган мақсадларга мос эмас. Жамоа турнир жадвали ўртасида ва «Челси»да ўсиш кузатилмаяпти. 

Фрэнк сингари клуб афсонаси билан хайрлашиш учун ҳеч қачон қулай фурсат бўлмайди. Аммо узоқ муҳокама ва чуқур таҳлиллардан кейин клуб ҳозир ўзгаришларга муҳтож эканлиги ва мавсумнинг қолган қисмида жамоа ўйини ва натижалар яхшиланиши керак деган хулосага келинди», - дейилади клуб баёнотида.

Аввалроқ, The Athletic «Пари Сен-Жермен» собиқ бош мураббийи Томас Тухель Фрэнк Лэмпард ўрнига «Челси» бош мураббийига айланиши ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Лэмпард 2019 йилнинг ёзидан буён «Челси» бош мураббийи сифатида ишлаб келаётганди. Клуб АПЛ жорий мавсумида 19-турдан кейин 29 очко жамғариб, 9-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид