«Директор ҳам, ўқитувчи ва қоровул ҳам ўзим» — Хоразмдаги мўъжаз мактаб муаллимаси
Хоразмлик 66 ёшли ўқитувчи Гавҳар Бобоева энг чекка қишлоқлардан биридаги мактабни ёлғиз ўзи бошқармоқда. У ҳам директор, ҳам ўқитувчи, ҳам қоровул вазифасини бажаряпти. Kun.uz мухбири муаллима билан суҳбатда бўлди.
Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Базиргон қишлоғи – Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан. Уни юртимизнинг энг кичик масканларидан бири десак ҳам муболаға бўлмайди: қишлоқ атиги 8та уйдан иборат.
Саҳро бағрида жойлашган бу қишлоқда ижтимоий объектлар деярли йўқ, аммо кичиккина мактаб бор.
Қишлоқ болалари 35 км узоқликдаги мактабга қатнай олишмайди: бу ерларда жамоат транспорти йўқ. Шу сабабли масканда мўъжаз мактаб, кичик синфхона ташкил этилган.
66 ёшли Гавҳар Бобоева 20 йилдан бери ўз уйида ташкил этилган мана шу синфхонада болаларга билим бериб келмоқда. Фидойи аёл – шу мактабнинг ҳам директори, ҳам ўқитувчиси, ҳам қоровули.
«1955 йилда Боғот туманининг Ўғузравот қишлоғида туғилганман. 1979 йилда Тошкент давлат университетининг Биология факультетини тугатдим. 1995 йилда Питнак шаҳридаги Сизов номли 2-сон мактабга ишга кирдим.
2001 йилда мени Базиргон қишлоғига, мактаб филиалига жўнатишди. Шу ердан уй беришди, унинг бир қисмида қишлоқ болалари учун комплекс синфхона ташкил этилди. Мана, 20 йилдан бери шу ерда ишлаб келмоқдаман», – дейди муаллим аёл.
Комплекс синфда 10 нафар бола таълим олмоқда. Қизиғи шундаки, уларнинг синфи ҳам турлича – 1-синфдан 11-синфгача. Уларнинг ҳаммасига бир синфхонада, бир вақтнинг ўзида дарс ўтилади.
«Қишлоғимизда 8 та оила бор. Уларнинг 10 нафар фарзандини комплекс синфда ўқитяпман. 1-, 6-, 7- ва 11-синфда 1 нафардан, 3-, 4- ва 5-синфда 2 нафардан ўқувчим бор».
Комплекс синфда дарслар эрталаб соат 8да бошланади. Машғулотлар ҳар бир ўқувчи учун алоҳида, индивидуал тарзда ўтказилади. Гавҳар Бобоева мутахассислиги кимё ва биология ўқитувчиси бўлишига қарамай, барча асосий фанлардан дарс беради.
«Мутахассислигим – кимё ва биология ўқитувчиси, аммо барча асосий фанлардан дарс бераман. Қишлоқ болаларида бошқа мактабларга бориш имконияти йўқ. Шу туфайли, комплекс синфда уларга барча фанлар ўқитилади».
Гавҳар опа ўқувчилари фанларни яхши ўзлаштирмоқда. Улардан 2 нафари Нукус давлат педагогика институтига ўқишга кирган. Бошқалари коллежларни тугатишган.
Чекка ҳудуд бўлса-да, коронавирус пандемияси қишлоқни четлаб ўтмади.
«Пандемияни ҳам бошимиздан ўтказдик. 2–3 нафар ўқувчидан чақириб, дарс бердим. Болалар ниқоб тақиб келишди, антисептиклар ёнида бўлди».
Гавҳар Бобоева ҳам пенсиясини, ҳам ойлик маошини олмоқда.
«Ойлик маошим ва пенсиям ҳисобига 2 фарзандимни институтда, контрактда ўқитяпман. Ҳозирги вақтда маош ва пенсия тўлиқ берилмоқда, президентимизга раҳмат, кўп яшасин. Олдин тўлиқ берилмасди, шу сабабли катта фарзандларимни ўқита олмадим. Тўғриси, кучим етмади...»
Базиргон қишлоғидаги шароитлар ёмон эмас. Электр энергияси бор, газ бор. 4–5 йил олдин ичимлик суви муаммо бўлган, аммо эски қудуқ қайта қазилиб, тозалангач, сувни насос билан тортиб олиш имконияти пайдо бўлган.
Гавҳар опа ҳозирги вақтда набираси билан бирга яшамоқда. Рўзғорда эчки боқилмоқда, кучукча ва мушукча ҳам бор.
«2 бош эчким бор эди, кўпайишиб 13 бошга етди. Эчки тез кўпаяркан, 1–2 тадан болалар экан. Мана бу эчкича кеча туғилди. Буниси эса сизлар келишингиздан сал олдин, шу бугун туғилди. Ҳали унча эси йўқ. Онасини бир-икки марта эмса, жонланиб, чопқиллаб кетади».
Базиргон қишлоғидаги комплекс синфга Питнак шаҳридаги мактаб раҳбарияти, шунингдек, Тупроққалъа тумани ҳокимлиги ҳам ёрдам бермоқда.
«Питнак шаҳридаги 2-сон мактаб директори, ўқитувчилари келиб, хабар олиб туришади, ёрдам беришади. Туман ҳокими (Алишер Салаев) янги йил арафасида келиб компьютер жамланмаси ва ўқувчиларга китоблар совға қилди. Ёрдам бериб турган ҳаммадан миннатдорман, соғ-саломат бўлишсин», – деди Гавҳар опа биз билан хайрлашиб.
Нурмуҳаммад Саид, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Сирожиддин Қодирберганов
Мавзуга оид
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
14:01 / 13.10.2024