Жамият | 22:53 / 06.02.2021
6263
2 дақиқада ўқилади

Навоий асарлари 7 тилда жойлаштирилган мобил илова ишлаб чиқилди

Муҳаммад ал-Хоразмий ахборот технологиялари мактаби ўқувчилари Aлишер Навоий ижодига бағишланган мобил илова ишлаб чиқишди. Навоий ғазал ва рубоийлари 7та тилга таржима қилиниб, иловага жойланган. Тез орада уни AppStore ва Google Play Market’дан юклаб олиш мумкин бўлади.

Бугун, 6 феврал куни Муҳаммад ал-Хоразмий ахборот технологиялари мактабида Aлишер Навоий ижодига бағишланган мобил илова тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот Aлишер Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан ўтказилган дастур доирасида ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарованинг маълумот беришича, янги мобил илова ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ёрдамида ишлаб чиқилди. Навоий ижоди ўзбек, инглиз, рус, француз, немис, форс ва араб тилларига таржима қилиниб, иловага жойланган. Шунингдек, унга ғазал ва рубоийларнинг аудиошакли  ҳам киритилган.

“Ҳар бир фойдаланувчининг ўз шахсий кабинети бўлиб, унда фойдаланувчи ўзи истаган ғазал, рубоий ва ҳикояларни сақлаб бориши ҳамда офлайн тарзда фойдаланиши мумкин. Ҳозирда иловага 100дан ортиқ ғазал ва рубоий юкланган”, – дея маълумот берди дастур муаллифларидан бири Забаржад Муродова.

Маълум қилинишича, тез кунда ушбу илова AppStore ва Google Play Market’га жойлаштирилади ва ундан барча бепул фойдаланиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид