Ўзбекистон | 13:36 / 07.02.2021
62954
5 дақиқада ўқилади

«Асосий тирикчилигимиз – шоличилик» — Аҳмаджон Одилов қурдирган қишлоқда бир кун

Навбаҳор қишлоғи – Наманган вилоятининг Поп туманидаги чекка манзиллардан. Аҳолиси асосан деҳқончилик, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланади.

Бу қишлоқнинг барпо бўлишига Аҳмаджон Одилов сабабчи бўлган. Ўтган асрнинг 70–80-йилларида Поп туманида амалга оширилган кўплаб бунёдкорлик ишларини кекса авлод вакиллари ўша вақтларда туманнинг агросаноат комплексига раҳбарлик қилган Аҳмаджон Одилов номи билан боғлайди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Турғунали Мавлонов аҳолининг асосий қисми Фарғона вилоятидан кўчиб келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қишлоқ қурилиши аввалида Шароф Рашидов шахсан тамал тоши қўйиб берган экан.

Турғунали Мавлонов

Навбаҳорликларнинг катта қисми шоличилик билан шуғулланади. Бунга сабаб – ер ости сувларининг ер устига ўта яқин жойлашгани.

Қишлоқ аҳли қиш кунлари шолидан гуруч олиб, тирикчилик учун бозорга олиб бориб сотишади. Биз ҳам шоли тегирмонида гуруч ажратиш жараёнига гувоҳ бўлдик.

Баҳодир Қурбонов авваллари тирикчилик учун четга ишлагани қатнар эди. Карантин баҳонасида ўтган йили 1 гектар ерга шоли эккан. Ҳосили баракали бўлиб, 6 тонна шоли олган.

Унинг сўзларига кўра, яхши меҳнат қилган деҳқон 1 гектардан 40–50 миллионгача даромад олиши мумкин. Бир неча ой давомидаги заҳматлари натижасида албатта.

Баҳодир Қурбонов

Маҳаллада яшовчи Раҳмонали Узоқов – собиқ овчилардан. Уйи қишлоқнинг чеккасида жойлашган. Овчилигидан эсдалик сифатида узоқ йиллардан бери ўрдак боқади.

Баъзида ёш овчилар ўрдаклардан ижарага олиб туришади. Ов давомида ёввойи ўрдакларни чақириш учун хўрак сифатида фойдаланишади. Раҳмонали аканинг ўғиллари эса деҳқончилик билан шуғулланади.

Раҳмонали Узоқов

Кейинги меҳмон бўлган хонадонимиз Нозимжоннинг ҳовлиси бўлди. Мактабнинг 3-синфида ўқувчи кичкинтой биз кирган пайтда печка учун ўтин қилаётган экан.

Катталар иш билан кўчада юрган пайтда болакай укалари совуққотиб қолмаслиги учун печкага ўтин ёқади. Нозимжон печкани ёқиб бўлгунича дадаси етиб келди. Козимжон Уралов деҳқончилик билан шуғулланади: 20 сотих ерга шоли экиб, шу орқали тирикчилигини ўтказмоқда. Оиланинг бир бош сигири бор.

Нозимжон

Козимжон Уралов (чапда)

Тасвирга олиш жараёнида каттагина идиш (фляга)да сув ташиётган киши эътиборимизни тортди. У зовурга оқиб тушадиган сув қувуридан уйига велосипедда сув ташир экан.

Маълум бўлишича, Навбаҳор 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Маҳалла раиси берган ҳужжатга кўра, маҳалла ҳудудига 279 млн сўм маблағ эвазига ичимлик суви учун янги тармоқ қуриш белгиланган. Ишлар якунланган бўлишига қарамай, маҳалланинг маълум қисмига ичимлик суви чиқмаган.

Янги тармоқ қурилгани сабабли «Обод қишлоқ» дастурига қадар ишлаб келган эски тармоқдан ҳам сув келиши пасайиб кетган.

Маҳалла раисининг айтишича, янги тортилган қувурлар уланган еридан сув қўйиб юбормоқда. Унинг устига «колодец»лардаги уланган жойлар ҳам мукаммал эмас. Бундан ташқари, тармоқ тортиш учун кавланган чуқурларни аҳолининг ўзи кўмиб чиққан.

Маҳалла раиси Баҳодир Ризақлов

Навбаҳор маҳалласи билан танишар эканмиз, «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш давомида «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш қилинганига гувоҳ бўлдик.

Маҳаллани обод қилиш мақсадида катта миқдорда давлат маблағлари йўналтирилган бўлса-да, айрим ҳолатларда бор инфратузилма ҳам йўқ қилингани афсусланарли. Масалага тегишли мутасадди ташкилотлар бефарқ бўлмайди, дея умид қилиб қоламиз.

Тасвирга олиш ишларининг якуний қисмини балиқ личинкаси етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорнинг кўлида суратга олдик.

Балиқчилик фермалари йилига 100 тонналаб балиқ ҳосили олишига сабабчи бўлаётган, меҳнати ортидан ўзи ва яқинлари яхшигина даромад олаётган Давронбек Эшназаров балиқчилик бизнеси ҳақида сўзлаб берди.

Балиқчи ўз кўлида беламур, дўнгпешона, сазан каби балиқ турларини парвариш қилади. Унинг айтишича, балиқ личинкалари килосини 12 минг сўмдан сотади. Унинг уруғчилик кўлида бир йилда 10 тоннагача балиқ личинкалари етиштирилади.

Давронбек Эшназаров

Шундай қилиб, Наманган ва Фарғона вилоятлари кесишмасида жойлашган Навбаҳор маҳалласида ўтказган бир кунимиз якунланди. Kun.uz чекка қишлоқлардаги аҳоли турмушини ёритишда давом этади.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Боймирза Халилов.

«Қишлоқда бир кун» рукнидаги бошқа видеоматериаллар билан ушбу ҳавола орқали танишинг.

Мавзуга оид