Жамият | 14:48 / 09.02.2021
5891
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Андижондаги Навоий боғида Навоийга эҳтиром кўрсатилди

9 феврал куни эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Навоий номли маданият ва истироҳат боғи гавжум бўлди. Андижонликлар ғазал мулкининг султони, давлат ва жамият арбоби ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш учун тўпланди.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари, меҳмонлар, зиёлилар ва талаба-ёшлар буюк мутафаккир ҳайкали пойига гулдасталар қўйишди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари шоира Хуршидабону, Андижон давлат университети декани, доцент Баҳодир Раҳмонов, адабиётшунос олим, профессор Салима Мирзаева мутафаккир шоир қолдирган адабий-илмий мерос асрлар давомида жаҳон адабиётининг нодир хазиналари сифатида эъзозланиб келинаётгани ҳақида сўзлашди.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳалим Карим Навоийга бағишланган шеърини тақдим этди, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, ижодкор ўқитувчи Саидабону Абдусаломова Навоий ижодидан намуна ўқиди.

Ўзбекистон президенти 2020 йил октябрида алломанинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган кишиларни ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилганди. Шу билан бирга, шоирнинг ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди.

Буларнинг барчаси дурдона асарлар яратиб, инсоният тарихидан муносиб ўрин эгаллаган мутафаккирга эҳтиром ифодасидир.

Андижонликлар 9 феврал куни Алишер Навоий таваллудига бағишланган маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирларни меҳнат жамоаларида, билим даргоҳлари ва таълим-тарбия масканларида ҳам давом эттиришди.

Мавзуга оид