Ўзбекистон | 20:40 / 17.02.2021
5831
4 дақиқада ўқилади

Мансабдорлар устидан тушган шикоятларнинг 1250 таси асосли бўлиб чиқди — Омбудсман

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) қуйи палатада 2020 йилги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Маълум бўлишича, мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан омбудсманга келиб тушган шикоятларнинг 1250 таси бўлиб чиққан.

Феруза Эшматова / Архив фото: Kun.uz

Таъкидланишича, 2020 йилда омбудсман номига Ўзбекистон фуқаролари, хорижликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 14 975 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

2020 йилда омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 4 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олган ҳамда улар бўйича давлат ва жамоат ташкилотларига 4 987 та сўров юборган.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Омбудсман Феруза Эшматованинг маълум қилишича, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар 1250 та ҳолатда асосли бўлиб чиққан.

Мурожаат этувчиларнинг далил-исботлари 625 та ҳолатда ўз тасдиғини топмаган, 1848 та ҳолатда ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиб чиққан ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилмагани аниқланган. Кўриб чиқиш учун қабул қилинган мурожаатларнинг 763 таси айни пайтда ўрганилмоқда.

Омбудсманга келиб тушган 7 946 та мурожаат тааллуқлилигига кўра давлат органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахсларга юборилган. 2543 та мурожаат юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига оид тушунтиришлар ва бу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир тавсиялар берилган.

Қайд этилишича, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи 2020 йил давомида қамоқда сақлаш жойларида 76 та мониторинг ташрифлари амалга оширган.

Хусусан, мониторинг ташрифларининг 42 таси жазони ижро этиш муассасаларида (16 таси манзил-колонияларда ва 26 таси жазони ижро этиш колонияларида), 9 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, 8 таси ички ишлар бўлимларида, 6 таси тергов ҳибсхоналарида, 5 таси махсус қабулхоналарда, 2 таси реабилитация марказларида ҳамда 4 таси карантин марказларда бўлиб ўтган.

2020 йилда ўтказилган мониторингларнинг 10 таси карантин чекловлари кучайтирилган вақтда амалга оширилган.

Таққослаш учун, 2019 йилда 38 та (20 таси ЖИЭМда, 6 таси тергов ҳибсхоналарида ва 12 таси реабилитация марказларида) мониторинглар ўтказилган.

Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага махсус ахборот киритилган.

«Бундан ташқари, маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ЖИЭМларда жазо муддатини ўтаётган кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра, турли касалликлар билан даволанаётган маҳкумлар таркиби Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда таҳлил этилди.

Таҳлилларга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 58 нафар 70 ёшдан ошган эркак ҳамда 60 ёшдан ошган аёл маҳкумлар рўйхати Афв этиш масалалари бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилди», – деди омбудсман Феруза Эшматова депутатлар олдидаги ҳисоботида.

Мавзуга оид