2021 йилда Хитой ва Ҳиндистон раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти
Ташқи ишлар вазирлиги янги таҳрирдаги ташқи сиёсий фаолият концепцияси, режадаги ташрифлар ҳақида маълумот берди.
19 февраль куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов янги таҳрирдаги ташқи сиёсий фаолият концепциясида кутилаётган ўзгаришлар ва белгиланган устувор вазифалар юзасидан маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Таъкидланишича, янги таҳрирдаги ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро иқтисодий-сиёсий муносабатлар ва яхши қўшничилик алоқаларини олиб бориш энг устувор йўналиш сифатида сақлаб қолинади.
Янги таҳрирдаги ташқи сиёсий фаолият концепциясининг асосий мақсад ва вазифалари деб қуйидагилар белгиланган:
- замонавий халқаро шароитлардаги ташқи сиёсий, иқтисодий соҳаларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш;
- мамлакатнинг миллий хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш;
- хорижда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини тизимли равишда илгари суриш;
- хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни муттасил ва изчил ривожлантириш;
- Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини тубдан яхшилаш;
- жаҳон сиёсатининг маданий-цивилизациявий ва гуманитар қисми, диний омил, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш.
Айни пайтда ташқи сиёсий фаолият концепцияси лойиҳаси идоралараро келишувдан ўтган ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган.
Фурқат Сиддиқовнинг айтишича, янги таҳрирдаги концепцияда хорижда истиқомат қиладиган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
«Хорижда фаолият юритаётган фуқаролар билан ишлаш бўйича Концепция ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ватандошлар жамғармасини тузиш ва унинг ташкилий ишлари амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда кўплаб ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтиб, турли соҳаларда ишламоқда. Ҳозирда уларнинг 150 нафардан ортиғи раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият юритмоқда», – деди у.
Бундан ташқари, салоҳиятли инвесторлар, малакали мутахассислардан иборат 30дан зиёд хорижий давлатда истиқомат қилаётган 480дан ортиқ ўзбекистонликлар рўйхати шакллантирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрдаги Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида «давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти такомиллаштирилади», – деган эди.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолият концепцияси ўзгариши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари матбуот анжумани давомида жорий йилда Ўзбекистон «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференцияга мезбонлик қилишини ҳам маълум қилди.
Шунингдек, Траст жамғармаси фаолияти учун жами 26,1 миллион долларга тенг маблағ жалб қилингани айтилди. Хусусан, Норвегия – 1,1 миллион доллар, Финландия – 1 миллион евро, Бирлашган Араб Амирликлари – 10,7 миллион доллар, Япония – 3,2 миллион доллар, Жанубия Корея – 1 миллион доллар, Европа Иттифоқи – 5,5 миллион доллар маблағ ажратган.
Маълумот учун, БМТ шафелигида тузилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган.
ТИВ маълумотига кўра, пандемия даврида турли ташкилотлар билан 600дан ортиқ видеомулоқотлар ўтказилиб, 350 миллион доллар молиявий кредитлар ва 11 миллион доллар инсонпарварлик ёрдами жалб қилинган, шунингдек, 600 мингдан ортиқ фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилган.
Бундан ташқари, 2021 йил давомида Хитой ва Ҳиндистон раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Мавзуга оид
18:45
Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик гидроэлектр станциясини қуради
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024