Ўзбекистон | 12:30 / 19.02.2021
44963
2 дақиқада ўқилади

Уйчи тумани тўртлиги ишдан кетди

Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси давомида Наманган вилояти Уйчи тумани «тўртлиги» ишдан олинди.

Сессияда иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев йўл қўйилган камчиликлар, туман иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланмагани, топишириқларни бажармагани учун Уйчи туманининг тўртта сектор раҳбари - туманга 2018 йил августидан буён ҳокимлик қилиб келаётган Муҳаммадаюбхўжа Апақов, шунингдек, туман прокурори Улуғбек Номанов, ички ишлар бўлими бошлиғи Авазбек Хўжахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Маҳмудовни ишдан олишга кўрсатма берди.

Президент Уйчи туманидаги вазиятни «республика ва Намангандаги» энг оғири деб атаган. Туманга ёш мутахассисларни раҳбар қилиб тайинлаш вазифаси берилган.

«Уларнинг ўрнига иш берадиган ғайратли, ёш кадрларни қўясан», дея вилоят ҳокимига топшириқ берган Шавкат Мирзиёев.

Лавозимидан озод қилинган мутасаддиларнинг иш фаолияти тафтиш қилиниб, жавобгарликка тортилиши масаласи кўриб чиқилиши ҳам айтиб ўтилган.

Сессия давомида давлат раҳбари томонидан Чуст тумани 4та сектор раҳбарларига Чуст тажрибаси сифатида иш ташкил этиш топшириғи берилди. Сектор раҳбарлари 6 ойдан кейин ҳисобот бериши айтиб ўтилди. 4та сектор раҳбари 6 ой мобайнида ўзгариш қилишга ваъда берди. 

  • Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува тумани ва Фарғона шаҳрида ҳам тўртта сектор раҳбарлари ишдан олинганди.

Мавзуга оид